22:49 / 05.07.2021
8201

Зарафшон миллий табиат боғида қанча дарахт ёниб кетгани маълум қилинди. Боғ нозирига баённома тузилган

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Бундан икки кун аввал, 3 июль тунда Зарафшон миллий табиат боғининг Жомбой тумани ҳудудида жойлашган қисмида содир бўлган ёнғинда 1,05 гектар майдонда 200га яқин дарахт ва бутазорлар ёниб кетган. Бу ҳақда ёнғиндан сўнг боғда ўрганиш ишларини олиб борган вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 3 июль куни Самарқанд вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан Зарафшон миллий табиат боғининг Жомбой тумани ҳудудида жойлашган қисмида содир бўлган ёнғин асоратлари ўрганилган.

Ўрганиш давомида Зарафшон миллий табиат боғининг 4-ўрмон бўлими, 9-кварталида тахминан 1,05 гектар ер майдони ёнгани аниқланган.

Қайд этилишича, ёнғин жами 200га яқин дарахт ва бутазорга зарар етказган. Шу сабабли миллий табиат боғининг бўлим масъул нозирига нисбатан қонунларда белгиланган талаблар асосида баённома расмийлаштирилган. Айни пайтда ҳодиса ёзасидан суриштирув ва ўрганиш ишлари давом эттириляпти.

Top