Жаҳон | 21:30 / 06.07.2021
3890
2 дақиқада ўқилади

Португалияда коронавируснинг 4-тўлқини бошлангани маълум қилинди

Фото: DPA

Португалияда коронавирус пандемиясининг 4-тўлқини бошлангани маълум қилинди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Антониу Кошта баёнотига таяниб RTP телерадиотармоғи хабар берди.

«Мамлакат ушбу оғир пандемияга қарши курашмоқда ва биз ҳозирда унинг 4-тўлқинига тўқнаш келдик. Бугун биз ушбу курашдан чалғий олмаймиз», деб айтган Кошта.

Унинг таъкидлашича, мамлакатда аҳолини эмлаш фаол тарзда олиб борилмоқда ва у баъзи қийинчиликларга қарамай янада тезлаштирилади.

«Биз эмлаш жараёнини тезлаштирамиз. Яқин икки ҳафтада эмланадиганлар учун баъзи ноқулайликларга қарамай, биз одамлар хавфсизлигини кучайтириш учун бор кучимизни ишга соламиз», деб айтган Португалия бош вазири.

Маълумотларга кўра, охирги кунларда Португалияда кунлик касалланиш ҳолатлари сони 2 мингдан ошмоқда. Мамлакатда бундай юқори кўрсаткичлар февралда қайд қилинганди.

Таъкидланишича, охирги суткада аҳолига 141,5 минг доза вакцина киритилган. Мамлакат аҳолисининг 32 фоизи тўлиқ, 52 фоизи эса вакцинанинг бир дозаси билан эмланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид