Ўзбекистонда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга қўшилган янги модда асосида Twitter, TikTok, Skype ва Вконтакте платформалари фаолиятига чеклов қўйилди.

Kun.uz ўзбекистонлик бир неча нафар дастурчидан ижтимоий тармоқлар серверларини кўчириш талаби қанчалик мантиқли экани, агар йирик IT компаниялари бунга рози бўлмаса, қандай оқибатлар юзага келиши ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Фарҳод Файзуллаев
Фото: Замбаракнинг ўқи / Telegram

Муаллиф ҳақида: IT мутахассиси. Тошкент ахборот технологиялари университети, Даниядаги Орхус бизнес академияси ва Тошкентдаги Вестминстер халқаро университетида таҳсил олган. «Дарё» интернет-нашри асосчиси, Telegram'даги «Замбаракнинг ўқи» канали муаллифи. 2016 йилдан бери Канаданинг Калгари шаҳрида доимий истиқомат қилади. Айни пайтда Avanti Software Inc. компаниясининг рақамли маркетинг бўйича менежери.

— Фуқароларнинг шахсий маълумотларини Ўзбекистонга кўчириш ҳақида қонун қабул қилингани ва бу борада қилинаётган ишлар янгилик эмас. Бу Россия тажрибасида синаб кўрилган. Қўйилаётган талабнинг тагида жон бор.

Канадада бу борада шундай йўл тутилганки, ижтимоий тармоқларнинг серверларини жойлаштиришни сўрашмайди, балки корпоратив маълумотларни ўз мамлакатига жойлаштириш талаб қилинади. Масалан, мен ишлайдиган компания бухгалтерлик компьютер дастурларини яратади, баъзи компаниялар бухгалтерлик маълумотлари, ходимлари тўғрисидаги маълумотларни Канадада сақланишини хоҳлайди. Лекин буни давлат эмас, ҳар бир компания ўзининг IT сиёсатига кўра, бошқа хизмат кўрсатувчилардан талаб қилади.

Энди Ўзбекистон юритаётган сиёсатга тўхталсак, давлат ўз фуқароларининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий маълумотларини ўз ҳудудида сақлаш талабини қўйишга ҳаққи бор, лекин шу билан бирга, компанияларнинг ҳам бу талабни бажармасликка ҳаққи бор. Россия мисолида олиб қарасак ҳам, шунга ўхшаш талабни ҳеч қайсиси бажармаган. Асосий сабаби, Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам шахсий маълумотлар дахлсиз қолишига кафолат йўқ. Facebook ҳам, Twitter ҳам бунга ишонмайди, бу биринчидан.

Иккинчидан, бу талабга рози бўлган тақдирда ҳам у сақлаш учун талаб даражасида техник имкониятлар етарли бўлиши лозим. Ўзбекистон бозори Google, Twitter, Facebook учун ҳам шу қадар кичикки, компаниялар бу блокланишдан деярли ҳеч нарса йўқотмайди. Яъни биздан жуда катта даромад қилмайди.