Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қирғизистонда турк махсус хизматлари қирғиз фуқаросини олиб чиқиб кетгани можарога сабаб бўлди
Фото: kabar.kg
Қирғизистон парламенти депутатлари қирғиз-турк лицейлари тармоғи “Сапат” раҳбари Ўрхан Инанданинг турк махсус хизматлари томонидан ўғирланиши сабабли мамлакат чегара хизмати раиси Уларбек Шаршеевнинг истеъфосини талаб қилишди.
Асли туркиялик бўлган Ўрхан Инанда Қирғизистонда охирги 25 йил давомида фаолият юритиб келган. У 31 май куни Бишкекда изсиз йўқолган. Унинг рафиқаси мамлакат президенти Садир Жапаровга турмуш ўртоғини топишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Маълумотларга кўра, Инандани топиш учун катта куч ташланган. Жумладан, 10 мингдан кўпроқ объект текшириб чиқилган.
Бу орада 5 июлда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Инанда махсус операция натижасида ушланиб, Туркияга олиб келинганини маълум қилган. Эрдўғаннинг таъкидлашича, Инанда Туркияда террорчи ташкилот деб тан олинган FETO раҳбарларидан бири бўлган.
6 июлда Қирғизистон президенти ҳукумат Туркиядан Инанданинг қайтарилишини талаб қилишини айтган.
Ушбу ҳодиса юзасидан қирғиз депутатларида хорижий разведка агентлари қандай қилиб Қирғизистон ҳудудига киргани ва ҳеч қандай қаршиликсиз мамлакат фуқаросини олиб чиқиб кета олгани борасида савол туғилган.
“Нима учун бу ерда ўтирибсиз? Нима учун истеъфога кетмаяпсиз? Хорижий махсус хизматлар қандай қилиб мамлакатга кириб, бир одамни олиб чиқиб кетди? Бу давлатга хиёнат билан баробар. Сиз бу учун жавоб беришингиз лозим!” деб юзланган Шаршеевга депутатлардан бири Жанар Акаев.
Яна бир депутат Абдуваҳоб Нурбаев Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси вакилларига юзланиб, улар ўз ишларини уддалай олишмаганини айтган.
Қирғизистон ушбу ҳодиса юзасидан Туркия элчиси Аҳмет Содиқ Доганга норозилик нотаси билдириб, Анқаранинг бу хатти-ҳаракатлари номақбуллигини, чунки халқаро ҳуқуқ меъёрларини қўпол бузишини айтган.
Ўз навбатида, Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги Инандани республикага қайтариш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга ваъда берган.
Мавзуга оид
22:02 / 02.05.2026
Ўзбекистон ва Қирғизистон “Қамбарота ГЭС-1” қурилиши бўйича музокара ўтказди
18:24 / 29.04.2026
Ташиев давлат тўнтаришига уринишга алоқадорликда гумонланмоқда
22:18 / 25.04.2026
Қирғизистоннинг иккита банки Евроиттифоқ санкциясига учради
18:39 / 23.04.2026