— “Алламжонов айбдор” китобини нима учун айнан ҳозир нашр қилдирмоқдасиз?

— Бу китобни ёзишни аслида 1,5 йил олдин бошланганман. Айнан пандемия даврида, ҳаммамиз уйда ўтирган пайтимизда бу китобни бошлаш фикри пайдо бўлган ва уни ёзишни бошлаганман.

Нима учун айнан ҳозир деганда, биринчидан, бу йил ёшлар йили. Ёшларимизга, ўз ҳаёт йўлини танлаш ҳақида фикр юритаётганларга айни дамда ҳозир шу фойдали бўлади, деб ўйладим.

Бундан ташқари, ҳозир – ёз фасли. Ёз фаслида, хабарингиз бор, кўпчилик мактаб битирувчилари турли олий таълим йўналишларига киришади, ҳаётга энди илк қадамни қўйишади. Айнан шу пайтда бу китобни ўқиган ҳолда менинг ҳаётимда, бошимдан кечирган ўша воқеалар, ҳолатлар ва турли яхши ёки оғир кунларни кўрган ҳолда, ўзларига озгина бўлса-да тажриба, озгина бўлса-да йўналиш олишларига ёрдам беради, деган мақсадда айнан шу йили ва айнан ёз фаслида буни чиқардик.

— Бу китоб ёшларга мотивация беришдан кўра, мамлакат сиёсий саҳнасидаги ўз таъсирини янада кенгайтириш истагида бўлган инсоннинг ёзганларига ўхшайди, деган қарашлар бор. Ҳақиқатан бу китобнинг нашр қилиниши билан Комил Алламжоновда сиёсий иштаҳа пайдо бўлди, деб айта оламизми?

— Бу китобдан сиёсат қидириш керак эмас. Бу китобда ҳеч қандай сиёсий мотив йўқ. Бу китоб, яна бир марта айтиб ўтдим, мемуар ҳам эмас. Бу китоб – мотивация. Чунки жудаям кўп ёшларимиз ўз ҳаёт йўлини танлашда қийналишади; мана, ўзимиз ҳам бошимиздан ўтказганмиз, айнан мактабни битиргандан кейин ҳаёт йўлини танлашга кўпчилик қийналади. Қайси йўлга кирсам экан, олий таълим йўналишида билим олиб, бир соҳани эгаллайми, ҳунар эгаллайми, ёки бўлмасам, бир соҳанинг бошини ушлайми? Ёки бўлмаса, умуман таг-туги билан Ўзбекистондан бошқа давлатга бориб, яшаб, ана шу ерда ишлаб, фаолият олиб борайми, деган иккиланишлар бўлади.

Кўп йўлларни танлашда, очиғини айтамиз, бугунги кунда барибир Ўзбекистонда, менинг шахсий фикрим, шундай китобларга эҳтиёж бор. Ана шу ерда ўсиб, ана шу юртда турли даражаларга етиш мумкинлигини кўрсатмоқчи бўлдим. Ҳеч қандай ёрдамсиз, ҳеч қандай бир кўмаксиз ёки бўлмаса, далдасиз инсонда хоҳиш бўлса, ирода бўлса, мақсад аниқ бўлса ва тинимсиз меҳнат бўлса, бу ерда ҳам катта ютуқларга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқчи бўлдим.

Бу ерда ҳеч қандай сиёсий мотив, ҳеч қандай бир сиёсатга, сиёсий майдонда ўзимни таъсир кучимни ошириш учун бир иштиёқ ёки бир ҳаракат, деган гапларнинг ҳаммаси булар нотўғри гаплар.