Жамият | 11:49 / 08.07.2021
10890
3 дақиқада ўқилади

Олий Мажлис депутати ҳукуматдан аҳолини сифатли коммунал хизматлар билан таъминлашни талаб қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова Ўзбекистондаги асосий коммунал хизматлар монопол ташкилотлар томонидан кўрсатилиши оқибатида кўпинча истеъмолчиларнинг манфаатлари ҳисобга олинмаслигини билдирди.

«Сир эмас, бизда асосий коммунал хизматлар монопол ташкилотлар томонидан кўрсатилади. Истеъмолчида танлаш имконияти йўқ. Агар бу ташкилотлар истеъмолчининг манфаатларига ҳурмат назари билан қараса, ҳуқуқларини поймол қилмаса, хизматидан рози бўлинса, майли эди. Аммо, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр соатлаб эмас, кунлаб ўчирилса, табиий газ ёки суюлтирилган газ таъминотидаги узилишларга изоҳ шарт бўлмаса, аҳоли ичмаган суви учун пул тўлашга мажбур бўлса, телефон алоқасида ҳам ғазабни келтирадиган ҳолатлар етарли бўлса-ю, улар устидан чора кўришнинг самарали қонуний асоси бўлмаса, нима қилиш керак?» дея савол қўйган депутат.

Мақсуда Ворисова, шунингдек, кўрсатиладиган барча коммунал хизматлар учун аҳоли ва таъминотчи ўртасида тузиладиган шартномалар тўлиқ қайта кўриб чиқилиши шартлиги билдирди.

«Чунки унга юридик ҳужжат мақоми берилиши, унда томонларнинг ҳуқуқ ва масъулияти аниқ кўрсатилмаса, яна электр таъминоти учун тўловни 5 кунга кечиктирган фуқаро жарима тўлайди ёки таъминотдан узиб қўйилади. Лекин ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр таъминоти тўхтатилса ёки кучланиш ортиб кетгани сабабли хонадонлардаги электр асбоблар ишдан чиқса таъминотчига чора кўришнинг имкони йўқ.

Адолатли шартномада албатта истеъмолчи ва таъминотчининг аниқ манзил ва боғланиш имкони, кўрсатиладиган хизмат тури, ҳажми, сифати, ўлчов асбобларининг ким томонидан қандай тартибда, қандай муддатда назорат қилиниши, кўрсатилган хизматлар учун тўлов шартлари ва миқдори, ҳар иккала томондан шартноманинг бирор моддаси бажарилмаган тақдирда кўриладиган чора ҳақида аниқ маълумотлар киритилиши шарт», деган Олий Мажлис депутати.

Парламент вакилининг сўзларига кўра, фуқароларга кўрсатилган коммунал хизматлар ҳажми очиқланмас экан, тегишли корхона мутасаддилари аҳоли ҳисоб рақамларига ўзлари хоҳлаган рақамларини киритаверади.

Шунингдек, юқоридагилардан келиб чиқиб Халқ демократик партияси аҳолига сифатли хизматлар кўрсатилишини таъминлаш, энг муҳими, бу борада ижтимоий адолат тамойилларига қатъий риоя қилинишини ҳукуматдан талаб қилди.

Эслатиб ўтамиз, ёз бошидан буён Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво шароитида ҳатто пойтахт Тошкентда ҳам электр энергиясидаги узилишлар одатий ҳолга айланиб қолмоқда.

Мавзуга оид