Жамият | 17:27 / 08.07.2021
9815
2 дақиқада ўқилади

Уйда ўтириб ҳам пул топиш мумкин – Гулистонлик оёқ кийимлари тўқувчи ҳунарманд

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи Ҳилола Эгамбердиева бу ҳунар билан болалигидан шуғулланиб келади. Ушбу ҳунарни ўрганишига мактабда, меҳнат дарсидан олган 2 баҳоси туртки бўлган. Ҳозирда болалар ва катталар учун кийимлар, оёқ кийимлари тўқийди.

«Тўқувчилик билан 5-синфдан бери шуғулланаман. Тўқишни ўрганишимга сабаб, меҳнат дарсида ўқитувчимиз берган вазифани эътиборсизлик қилиб, бажармаганим учун кундалигимга 2 қўйиб берган эди. Аввал доим аъло баҳога ўқиганлигим учунми, бу қаттиқ таъсир қилди. Кейинги дарсимизда тўқиш мавзусида ҳаракат қилганим учун беш баҳо қўйдилар. Шу воқеа сабаб бўлиб ушбу ҳунарни ўрганганман. Ҳозирда доимий равишда шуғулланаман. Тўқувчилик орқали даромад ҳам оляпман. Ўқитувчимдан менга икки баҳо қўйгани учун хурсандман. Чунки улар сабабли мен шундай даражага етишдим», дейди Ҳилола Эгамбердиева.

Буюртмага қараб турли хил оёқ кийимлари тўқилади. Бир жуфт оёқ кийимини тўқиш учун 2 кун вақт сарфланади. Ҳар бир тўқилган оёқ кийими камида 3-4 йил хизмат қилади. Чунки фақатгина таглик қисм ва ипдан фойдаланилади. Оёқ кийимини тайёрлаш учун дастлаб таглик қисмини олиб, айланасига қавиб чиқилади. Сўнгра унинг устидан тўқиб кетилади.

«Ҳозирги кунгача мингдан ортиқ шогирд тайёрладим. 2020 йилда Сардоба сув омборида юз берган талофатдан сўнг, ушбу ҳудудларда истиқомат қилаётган ишсиз ва тушкун кайфиятдаги аёлларга тўқишни ўргатиш учун мени ҳам таклиф қилишди. Икки ой давомида ҳам ўрганиб, ҳам ўзлари учун кийимлар, оёқ кийимлари тўқиганларидан сўнг шу ҳунар орқали даромад олишлари мумкинлигини ҳам тушунишди. Чунки кўпчилик аёллар фақатгина кўчада ишлаб пул топиш мумкин деб ўйлашади», - дейди ҳунарманд.

 Шунингдек, тайёр маҳсулотлардан турли фестиваллар ва ҳунармандчилик кўргазмаларида хорижликларга ҳам сотилади.

Шуҳрат Юнусов, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид