“Янги Ўзбекистон даврида коррупционерлар 3,2 триллион сўмлик зарар келтирди” — Бош прокуратура
“Буларнинг қарийб 90 фоизи ундириб олинди”, деди Баҳриддин Валиев. Коррупцион жиноятлар учун жазо кучайтирилиши маълум қилинди.
Бош прокурор ўринбосари Баҳриддин Валиев коррупцияга қарши қабул қилинган президент фармонига қўшимча шарҳ берди.
“Ўтган 4,5 йилда – янги Ўзбекистон даврини олайлик, 9546 нафар шахс турли тоифадаги коррупцион жиноятларни содир қилган. Бу жиноятлар оқибатида давлатга ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарар миқдори 3 триллион 200 миллиард сўмга яқинни ташкил қилади.
Буларнинг қарийб 90 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан тергов ва судлар давомида ундириб олинди. Лекин, бунинг ортидан жамият ва фуқароларнинг қанча азият чекиши, уларнинг сарсон бўлиши ва бошқа етказилган зарарлар тўғрисида гап кетмаяпти. Шулар ҳам ҳисобга олинса, жуда катта зарарлар ва оқибатларга олиб келяпти.
Шунинг учун фармонда бизга вазифа қўйилдики, халқаро тажриба ва фуқароларнинг фикрлари ўрганилиб, бунга жазони кучайтириш бўйича қонун қабул қилинади.
Шу йил апрель ойида “Ижтимоий фикр” маркази томонидан коррупцияга қарши курашиш тўғрисида ўтказилган ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг 62 фоизи коррупцияга қарши курашишда жиноий жавобгарлик чораларини оғирлаштириш энг яхши чора деган фикр билдирган. Жамоатчилик бу фикри ҳам ҳисобга олиниб, фармонга киритилган”, – деди бош прокурор ўринбосари 9 июл кунги матбуот анжуманида.
Баҳриддин Валиевнинг айтишича, фармонда Бош прокуратурага тегишли идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш вазифаси белгиланган:
- коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш;
- даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш;
- коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳасида ҳам коррупция билан боғлиқ жиноят содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Хусусан:
а) пора предмети сифатида нафақат моддий манфаатдорлик, шунингдек, номоддий манфаатдорлик ҳам киритилмоқда;
б) халқаро экспертлар тавсияларига кўра, 3 турдаги ҳаракатлар учун тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик белгиланмоқда, жумладан:
- нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш;
- давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш;
- давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши.
Мавзуга оид
17:38 / 23.12.2024
Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш рейтингида 81-ўринни эгаллади
12:20 / 19.12.2024
Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
17:16 / 17.12.2024
Қирғизистон бош вазири коррупция туфайли истеъфога чиқарилган бўлиши мумкин
15:17 / 17.12.2024