Жаҳон | 22:12 / 27.11.2025
3276
2 дақиқада ўқилади

Россияда коррупционерларнинг қариндошларидан ягона уйини мусодара қилишга рухсат берилди

Конституциявий суд бундай амалиётнинг қонуний эканини тасдиқлади.

Фото: РБК

Россия Конституциявий суди (КС) коррупционерларнинг қариндошлари ва алоқадор учинчи шахсларнинг мол-мулкини, шу жумладан ягона уй-жойини, ҳатто у қисман қонуний маблағлар эвазига сотиб олинган бўлса ҳам, мусодара қилишни қўллаб-қувватлади.

Қарорга икки аризачи - Елена Лабузова ва Олга Королнинг шикоятлари сабаб бўлган.

Биринчи ҳолатда КС Оренбург вилоятининг собиқ таълим вазири Вячеслав Лабузовнинг қизи билан боғлиқ вазиятни ўрганди. Тергов маълумотларига кўра, у ноқонуний йўл билан топилган маблағ эвазига 855 квадрат метр ер участкасини сотиб олган ва қизининг номига расмийлаштирган. Кейинчалик қизи бу ерда ўз ҳисобидан уй қурган. Аммо суд уни жиноий пуллар эвазига яратилган мулкнинг ажралмас қисми деб топди ва мусодара қилди.

Олга Корол пора сифатида олган ва куёвига расмийлаштирган иккита квартирасидан айрилди. КС коррупция билан боғлиқ мол-мулкка эгалик қилиш, у кимнинг номига расмийлаштирилганидан қатъи назар, мумкин эмаслигини таъкидлади. Суд, шунингдек, 2024 йил октябр ойида коррупция натижасида олинган мол-мулкни ўзгартириш ёки кўпайтириш унинг мусодара қилинишига тўсқинлик қилмаслиги бўйича ёндашувни мустаҳкамлаганини эслатди.

«КС Лабузова ва Королнинг шикоятини кўриб чиқишдан бош тортди. Шу билан бирга, суд коррупция натижасида олинган пул, қимматбаҳо буюмлар ва бошқа мол-мулкни айбдор шахснинг фойдаланишида сақлаб туриш бундай ижтимоий хавфли ва ғайриқонуний хатти-ҳаракатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтирди», дейилади хабарда.

Экспертларнинг фикрича, КС қарори коррупциявий даромадлар билан боғлиқ бўлса, ҳатто ягона уй-жойни ҳам олиб қўйиш амалиётини мустаҳкамлайди. Ҳуқуқшунос Олег Захаровнинг фикрича, бу коррупцияга қарши курашни кучайтиради, бироқ коррупционерларнинг қариндошлари учун хавф туғдиради, улар маблағлар манбасининг қонунийлигини текширмаса, ўз мол-мулкидан маҳрум бўлиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид