Багром авиабазаси АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун «Толибон» ва «Ал-Қоида» билан курашнинг маркази эди.

АҚШ бошчилигидаги коалиция 2001 йил декабрида у ерга жойлашади, шу тариқа мазкур база 10 минг аскарни ўзида жамлаган улкан базага айланади.

Дональд Трамп маъмурияти 2020 йил февралида «Толибон» билан музокаралар якунида америкалик ҳарбийларни 2021 йил 1 майига қадар Афғонистондан олиб чиқиш бўйича келишувга эришди. Аммо бу муддат АҚШнинг ҳозирги президенти Жо Байден томонидан кейинроққа сурилди ва энди 31 августгача АҚШнинг барча қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши кутилмоқда.

Айни пайтда «Толибон» Афғонистоннинг айрим ҳудудларида жадал олға юриб, ўнлаб туманларни эгаллаб олди.

Урушнинг қиймати инсоний жиҳатдан ҳам, молиявий жиҳатдан ҳам астрономик даражада катта бўлди.

Хўш, бу уруш нима учун бошланди? АҚШ ўз мақсадига эриша олдими?

АҚШ Афғонистонга нима учун кирганди?

2001 йил 11 сентябрда АҚШда уюштирилган терактлар натижасида 3 минг киши ҳаётдан кўз юмади.

Террорчилар олиб қочилган учта йўловчи самолёт билан Жаҳон савдо маркази ва АҚШ Мудофаа вазирлиги биносини нишонга олишади, яна бир самолёт эса Пенсильвания штатидаги далага қулаб тушади.

Ушбу воқеадан кўп ўтмай, ушбу хуружлар ташкилотчиси «Ал-Қоида» раҳбари Усама бин Лодин экани эълон қилинади.

Ўша вақтда Афғонистонни бошқарган ва бин Лодинни ҳимоясига олган радикал ташкилот саналмиш «Толибон» уни Америкага топширишдан бош тортади.

Терактлардан бир ой вақт ўтиб, АҚШ Афғонистонда «Ал-Қоида» ва «Толибон»га қарши ҳаво ҳужумларини бошлайди.

Кейин нима бўлди?

Икки ой ичида «Толибон» режими қулайди ва унинг жангчилари Покистонга чекинади.

Аммо толиблар шунчаки қочиб кетишмайди, балки яшириниб, вақт ўтиши билан кучайиб боришади. Улар гиёҳванд моддалар савдоси, маъданчилик ва товламачилик йўли орқали ҳар йили миллионлаб долларларни қўлга киритишади.

Фото: Getty Images