Жаҳон | 20:40 / 12.07.2021
36603
5 дақиқада ўқилади

Афғонистон: толиблар уч вилоят марказини эгаллашга уринмоқда, АҚШ ҳарбийлари қўмондони постни топширди

АҚШ Афғонистондаги амалиётларини тўхтатиши билан, толиблар ҳукумат кучларига қарши ҳаракатларини кучайтирмоқда: душанба куни улар муҳим марказлардан бири бўлмиш Ғазнини ўраб олгани ва унинг атрофидаги ҳудудларга киргани маълум бўлди, бу вақтда АҚШнинг Афғонистондаги қуролли кучларига қўмондонлик қилиб келган генерал Остин Миллернинг постини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Reuters

Душанба куни дунё агентликлари маҳаллий расмийларга асосланган ҳолда «Толибон» ҳаракати вакиллари Ғазни вилояти маркази - Кобулдан жануби-ғарбда жойлашган Ғазни шаҳрини ўраб олгани, шаҳар атрофидаги ҳудудларда жанглар кетаётгани ҳақида хабар тарқатди.

«Ғазнидаги вазият жуда оғир. Толиблар турар жойларга яшириниб олиб ҳукумат кучларини ўққа тутишмоқда, бу эса ҳукумат кучларининг толибларга қарши ҳаракатларини жуда қийинлаштирмоқда», дея Ғазни вилояти кенгаши аъзоси Ҳасан Ризоийнинг сўзларини келтиради Reuters агентлиги.

Ғазни Кобулдан жанубга, Қандаҳор ва Покистон чегарасига элтувчи йўл бўйида жойлашган. Бу йўлда Қандаҳор шаҳри учун ҳам жанг олиб борилмоқда.

«Сўнгги тўрт кун давомида толиблар ғарбдан Қандаҳорга ҳужум қилмоқда. Афғон хавфсизлик хизмати кучлари, махсус бўлинмалар уларни ортга қайтаришга уринмоқда», дея парламентнинг собиқ депутати, ҳозирда жангларда иштирок этаётган Ҳамидзай Лалайнинг сўзларини келтиради Reuters. Афғонистон мудофаа вазирлиги толибларга авиазарбалар берилгани ва қуруқликда ҳам ҳарбий амалиёт ўтказилаётганини маълум қилган. Вазирлик Қандаҳордаги вазият ҳукумат назоратида эканига ишонтирган.

Якшанба куни ҳукумат кучлари авиация ёрдамида Тожикистон билан чегарадаги Тоҳар вилояти маркази Толуқон шаҳрида толибларга ҳужум уюштирганди.

Бир неча кун олдин толиблар Туркманистон билан чегарадаги Бодғис вилояти маркази Қалъаи Навга киришган, аммо ҳукумат ҳарбийлари уларни бу ердан ҳам сиқиб чиқаришган.

Ҳозирча толиблар бирор вилоят марказини қўлга олишнинг уддасидан чиқишмади, аммо вилоят марказлари атрофи шиддат билан ўраб олинмоқда, шунингдек, нисбатан кичик шаҳарлар, қишлоқлар ва бутун туманлар уларнинг назоратига ўтмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг июнь ойидаги ҳисоботида «Толибон» Афғонистон ҳудудининг йирик шаҳарлардан ташқаридаги 50-70 фоиз қисмини ва туманлар марказларининг 57 фоиз қисмини назорат қилаётгани айтилганди.

Апрель ойи охирида АҚШ президенти Жо Байден Америка ҳарбийлари 11 сентябрга қадар Афғонистондан тўлиқ олиб чиқилишини маълум қилгач, толиблар мамлакатнинг турли нуқталарида ҳужум бошлаганди.

Душанба куни Кобулда АҚШнинг Афғонистондаги 20 йиллик урушининг якунини ифодаловчи маросим ўтказилди: Американинг ушбу мамлакатдаги контингентига қўмондонлик қилган генерал Остин Миллер расман бу лавозимни бўшатди.

АҚШнинг Афғонистондаги кучлари қўмондоги генерал Остин Миллер ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани генерал Миллер постни топширишидан бир неча кун олдин

Америка кучларининг катта қисми Афғонистонни ёзнинг охиригача тарк этади, аммо контр-адмирал Питер Вейсли бошқарувидаги кичик контингент барибир қолади: бу қисм АҚШ элчихонаси ва Кобул аэропортини қўриқлайди.

Афғон ҳукумат кучларини техник қўллаб-қуввтлаш, шу жумладан, авиацияга хизмат кўрсатилишини Қатардаги базада жойлашадиган бригада генерали Кёртис Баззард таъминлайди.

Бундан ташқари, АҚШ кетганидан кейин ҳам Афғонистондаги террорчи тузилмаларга қарши курашда қолиб, уларнинг позицияларига авиазарбалар беришни давом эттиришни режалаштирмоқда.

Ўтган йил бошида АҚШ толиблар билан тинчлик сулҳи тузган, унга кўра «Толибон» «Ал-Қоида» ва ИШИД ушбу минтақада таъсирини ёймаслигини, Афғонистондан АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши база сифатида фойдаланмаслигини таъминлашга ваъда берган. Лекин бу келишувга тўлиқ риоя этилмаяпти.

9 июль куни «Толибон» вакиллари (чапдан ўнгга) Абдул Латиф Мансур, Шаҳобуддин Диловар ва Суҳайл Шаҳин Москвада музокаралар ўтказиб, матбуот анжуманида қатнашишди

Ўтган ҳафтада «Толибон» вакиллари билан Россия ҳукумати номидан россияликлар президентининг Афғонистон масалалари бўйича махсус вакили Замир Кабулов музокара ўтказди. Россия ТИВ баёнотига кўра, ҳаракат расмийлари Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмасликка ваъда берган ҳамда Афғонистон ҳудудидаги дипломатик ва консуллик миссиялари хавфсизлигини кафолатлаган. Шунингдек, учрашувда ушбу гуруҳ ИШИД томонидан келадиган хавфга қарши курашга ва «мамлакат ҳудудида наркотиклар ишлаб чиқаришни таг-туби билан йўқ қилишга» қатъий киришишга сўз берган.

Аммо АҚШ толиблар амалда «Ал-Қоида» ва шу каби ташкилотларга Афғонистондан туриб терактлар тайёрлашга халақит беришига ишонмаяпти.

БМТ экспертларининг баҳоларига кўра, Афғонистонда 10 минггача хорижлик жангарилар, радикал гуруҳлар аъзолари қўним топишган ва толиблар уларнинг кўпчилиги билан дўстона алоқалар ўрнатиб, яқиндан ҳамкорлик қилади.

Мавзуга оид