Ўзбекистон | 17:34 / 14.07.2021
6692
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда давлат органлари фуқароларга етказган зарарни қоплаш учун 5,7 млрд сўм ажратилди

Маҳаллий бюджетдан ажратилган бу пуллар айбдорлардан регресс тартибида, суд орқали ундириб олинади. Аввалроқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳокимликнинг “снос”лар бўйича аҳоли олдидаги қарзлари (тўланмаган компенсациялар) йил охиригача тўланишига ваъда берганди.

Тошкентда давлат органлари ва мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизликлари) натижасида фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун 5 млрд 725 млн сўм ажратилди.

Шаҳар ҳокими 8 июл куни шу ҳақда қарор имзолаган. Ҳужжат “E-qaror” платформасида келтирилган.

5,7 млрд сўмлик маблағ пойтахт маҳаллий бюджетининг 2-чорак якунлари бўйича даромадлар режаси орттириб бажарилган қисмидан ажратилади.

Kun.uz давлат мансабдорлари қонунга хилоф иш қилса, бунинг зарари солиқ тўловчилар ҳисобидан қопланадими, деган савол билан Адлия вазирининг матбуот котиби Севара Ўринбоевага мурожаат қилди.

Унга кўра, етказилган зарар аввалига маҳаллий бюджетдан жабрланувчига тўлаб берилади, шундан сўнг айбдордан регресс тартибида, суд орқали ундириб олинади.

2018 йилдан йўлга қўйилган тартибга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.

Эслатиб ўтамиз, барча ҳудудларда бўлгани каби, Тошкент шаҳрида ҳам ҳокимликнинг “снос”лар учун тўлиқ тўланмаган компенсациялар бўйича аҳоли ва тадбиркорлар олдида қарзлари бор. Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2020 йил декабр ойида бу қарзларнинг барчаси 2021 йил охиригача қопланишини айтган эди.

2021 йилги давлат бюджети муҳокамаси пайтида давлат “снос”лар бўйича аҳоли олдидаги қарзларини 2021 йилда ҳам уза олмаслиги маълум бўлганди.

Мавзуга оид