Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бухоро вилоятининг бош кутубхонаси қачонгача таъмирталаб аҳволда қолади?
Ўзбекистон бўйлаб китобхонлик тарғиб қилинаётган бир пайтда, кутубхоналардаги шароитлар масаласи кишини ўйлантиради. Масалан, Aбу Aли ибн Сино номидаги Бухоро вилояти марказий кутубхонаси бугун авариявий ҳолатда. Ёшлар ва тадқиқотчилар жазирама ва қаҳратон кунларда бу ерга кириб хотиржам китоб ўқий олмайди. Китобларни яхши сақлаш учун ҳам шароит йўқ.
Бухоро шаҳри – илгаридан илм-фан бешиги сифатида йирик-йирик кутубхоналарга эга марказ бўлган. Бироқ афсуски, бугун вилоятнинг марказий кутубхонаси оғир аҳволда.
Кутубхона 1921 йил 30 июнда очилиб, 1938 йилда унга Aбу Aли ибн Сино номи берилган. 1971 йилда кутубхонанинг янги биноси фойдаланишга топширилган бўлса, бино шундан бери капитал таъмир қилинмаган.

Кутубхонада ичимлик суви йўқ. Сотиб олай десангиз, ошхона ҳам, савдо шохобчаси ҳам кўринмайди
Вилоят кутубхонасига борганимизда, ўқиш залида бор-йўғи бир-икки нафар китобхон ўтирганди. Вилоятнинг марказий кутубхонаси китобхонлар билан гавжум бўлиши керакмасми?
Бухоро давлат университети ва Бухоро муҳандислик-технология институти кутубхонага яқин жойлашган. Иккала олийгоҳ талабалари китоб ўқиш ёки зарур ҳужжатларни излаб кутубхонага келиб туришади. Бироқ етарли шароит йўқлиги сабаб кутубхонада узоқ қолишолмайди. Чунки кутубхонада на ичимлик суви, на ошхона ва на бирор савдо шохобчаси бор. Буни Kun.uz'га кутубхона ходимлари ҳам тасдиқлади.

“Кутубхонада 60дан зиёд киши ишлайди, китобхонлар келиб кетади, лекин кутубхонанинг ошхонаси йўқ. Китобхонларимиз эрталабдан кечгача кутубхонада қолиб кетишлари мумкин. Ва табиийки, ошхонага эҳтиёж сезадилар. Сув, ўқув қуроллари олиш учун ҳам шароит йўқ”, – дейди исмини очиқламаслик шарти асосида биз билан суҳбатлашган кутубхона ходими.
“Ҳеч ким буни Бухоро вилояти бош кутубхонаси демайди. Қайсидир тумандаги кутубхона бўлимига ўхшайди”
БухДУ 2-курс магистрант талабасининг айтишича, у 5 йилдан бери кутубхонага қатнайди, аммо етарли шароит йўқлиги, ёзда исиб кетиши сабаб бу ерда узоқ қололмайди.
“Талабалик давримдан бери ибн Сино кутубхонасига келиб тураман. Раҳбарият тез орада кутубхонани таъмирлаб берамиз, деб ваъда берганига ҳам гувоҳ бўлганман. Лекин 4 йил бакалаврни тугатдим, магистрда ўқияпман. Лекин ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ.
Масаланинг энг ёмон томони шундаки, бу ерда жуда қимматли манбалар сақланади. БухДУда ишлайдиган аксарият профессор домлаларимиз келиб, шу ерда ишлаб кетишади. Бу ерда уларга диссертация ишлари учун асос бўладиган манбалар, 20-аср бошларига оид газеталар сақланади.

Кутубхона ҳолати жуда эскирган, ёзда ўтиришнинг умуман иложи йўқ. Ташқари 48-50 даражада, ичкари ҳам ундан кам эмас. Шунга қарамай, манбалар кераклиги учун бу ерга келишга мажбур бўламиз.
Aдабиётлар сақланадиган шкафлар ҳам жуда эскирган. Қишда ҳам жуда совуқ, биз шу совуқда ўтириб ишлашга мажбурмиз. Ҳеч ким буни Бухоро вилояти бош кутубхонаси демайди. Қайсидир тумандаги кутубхона бўлимига ўхшайди”, – дейди у.
“Бу иссиқда кутубхонада қоврилиб ўқишни ҳеч ким хоҳламайди”
Кутубхона ходимининг айтишича, бу ер ёзда иссиқ бўлишидан ташқари, қишгача ҳам анча совуқ бўлади.
“Кутубхона иссиқлигидан ўзимиз ҳам ўтира олмаймиз. Қишда ҳам қачон иситиш тизимини ёқишга рухсат беришса, ёқилади. Унгача октябр ойидан бошлаб ичкари жуда совиб кетади.
Китобхонлар йўқ, деб бонг уришади. Унақа эмас. Ёшлар яхши шароит бўлса, яхши ўқишади. Бу иссиқда келиб, кутубхонада қоврилиб ўқишни ҳеч ким ҳам хоҳламайди”, – деди у.
Aрхив китоб сақлашга мос эмас, лифт ишламайди
Ҳозирда кутубхона фонди 239 066 нусха бўлиб, вилоятдаги 450 та оммавий кутубхоналарга методик раҳбарлик қилади. Кутубхонанинг Шарқ адабиётлари бўлимида Бухоронинг сўнгги амири Мир Сайид Олимхоннинг манғит кутубхонаси ва амирликнинг мансабдор шахслари кутубхоналарида тўпланган китоблар бор.

Кутубхонада китоб сақлаш, текислаш, адабиётларга ишлов бериш, китобхонларга хизмат кўрсатиш, шаҳар абонементи, илмий-методик, ахборот-библиография, газета ва журналлар, шарқ адабиётлари, ўсмирлар абонементи бўлимлари, ўлкашунослик шуъбаси ва оилавий қироатхона мавжуд.
1920-йилларга оид муҳим ҳужжат ва газеталар ҳам архивда туради. Кутубхона хизматчиларидан бирининг айтишича, ёзда кутубхонадаги иссиқ ҳарорат архив ҳужжатларига ҳам таъсир ўтказяпти.
“Aхборот кутубхона марказимиз 1971 йил ташкил топган. Шундан бери бирор марта капитал таъмирланмаган. Aрхивимиз ҳам қарийб “авариявий” ҳолат ёқасига келиб қолган. Иссиқда китобнинг жисмоний ҳолати ёмонлашади. Бу ерда бир асрдан бери сақланган газеталар бор. Энди уларни ўқиш учун варағини ушласангиз, дарров титилиб, йиртилиб қолади”, – деди у.
Кутубхонада асосан аёллар ишлайди. Улар тез-тез газета, ҳужжатларни, китобларни ташишларига тўғри келади. Aммо кутубхона лифти ишламайди.

“Лифтимиз бор. Лекин ишламайди. Ходимлар ўзи оғир китобларни зинадан кўтариб, тушириб юради. Бу ерда асосан аёллар ишлагани учун жуда оғир подшивкаларни кўтариш бизга қийинчилик туғдиради”, – деди кутубхоначилардан бири.
Кутубхона раҳбари: “Биномиз сентябрда капитал таъмирлаб топширилиши керак”
Ҳолат бўйича изоҳ олиш учун кутубхона раҳбари Насиба Аминовага мурожаат қилдик. Унинг маълумот беришича, 2014 йилда кутубхонанинг эшик-деразалари алмаштирилиб, фасад қисми косметик таъмирланган. Яқинда вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бинони “фуқаролар ҳаёти учун хавфли бўлган авария ҳолатида” дея хулоса берган.

Бироқ у бинонинг ертўла қисмигина ёмон, тепа қаватлари ҳали узоқ хизмат қилади деган фикрда. Аминова инспекция берган хулосадан норози бўлиб, Тошкентдан мутахассисларни жалб қилган ҳолда, бино ҳолатини такроран ўрганиб чиқиш бўйича вилоят ҳокимлигига хат жўнатган.
“Бинонинг бузилишини хоҳламайман. Чунки бино қайтадан қуриладиган бўлса, кутубхонани жойидан кўчиришлари мумкин. Бу ер Бухоро давлат университети, Бухоро муҳандислик-технология институти ва Бухоро давлат тиббиёт институтига жуда яқин. Энг кўп ўқувчиларим шу талабалар; агар кутубхона бошқа жойга кўчадиган бўлса, талабалар, китобхонларга жуда катта қийинчилик туғилади ва мен уларни йўқотиб қўйишим мумкин.

Иккинчидан, ҳозирги қурилаётган биноларга ишонч йўқ. Бу таъмирни маҳаллий ҳокимият қиляпти. Ҳокимият китоб фонди масаласида ҳам доимо ёрдамлашиб, маблағ ажратиб келади. Aгар кутубхона бошқатдан қуриладиган бўлса, республика дастурига киритилиши керак. Бу эса жуда кўп вақтни олади деб ўйлаяпман.
Самарқандда ҳам худди бизникига ўхшаган бинони қайта таъмирдан чиқариб, замонавий ҳолга келтириб, икки сменада китобхонларни қабул қилишяпти.
Кутубхонамизни капитал таъмирлаш бўйича вилоят ҳокимининг 2021 йил 2 апрелда 98Ф-сонли фармойиши чиққан. Унга асосан, кутубхона 2021 йилнинг 21 сентябрига қадар капитал таъмирлаб топширилиши керак. Ҳозир барча харажатлар сметаси ва маблағ тайёр. Биз бино ҳолатини қайта ўрганиш бўйича мутахассисларни кутяпмиз. Шу жараён кечикяпти”, – деди кутубхона раҳбари Насиба Аминова.

Китоб ва архив ҳужжатлари қандай шароитда сақланиши керак?
Кутубхона фонди ва архив ҳужжатларининг қандай шароитда сақланиши бўйича Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Қўлёзмалар, ноёб ва алоҳида қийматга эга нашрлар хизмати бош мутахассиси Наргиза Заитовага мурожаат қилдик.
Унга кўра, вақт ўтиши билан целлюлоза полимер занжирларининг бузилиши содир бўлади, целлюлозага ҳамроҳ бўладиган моддаларнинг кимёвий тузилиши ўзгаради. Сақлаш режимига (ҳарорат – намлик, ёруғлик ва санитар-гигиеник қоидаларга) риоя қилмаслик қоғознинг бузилиш жараёнини тезлаштириб юборади.

Агар ҳужжатлар сақланадиган хоналарда ҳаво ҳарорати юқори бўлса, ҳужжатларнинг эскириш жараёни тезлашади. Натижада, қоғозга салбий таъсир кўрсатади: эластикликни йўқотади, синувчанлик ҳосил бўлади, сарғаяди.
“Фонддаги ҳаво шароити коллекцияда мавжуд ҳар бир объектнинг ҳолати ёмонлашуви тезлигига ҳар куни 24 соат ва ҳафтасига 7 кун таъсир кўрсатади. Ҳужжатларни консервация қилиш, ахборот кутубхона ва нашриётчилик иши давлатлараро стандартда кўрсатилишича, ҳужжатлар сақланадиган хоналарда ҳаво ҳарорати (18±2)°С, нисбий намлик (55±5) фоиз, пергамент ва терига ёзилган ҳужжатлар учун ҳавонинг нисбий намлиги (60±5) фоиз бўлиши талаб этилади.
Агар ҳужжатлар сақланадиган хоналарда ҳаво намлиги нормадан юқори бўлса, қоғозга салбий таъсир кўрсатади: мустаҳкамлиги йўқолади, ҳужжат деформацияланади, микроорганизмлар ривожланади”, – деди у.
Бухородаги ягона жамоат кутубхонасининг аҳволи шу бўлса, шаҳар ёшларини китоб ўқишга тарғиб қилишдан маъно борми?
Ўзбекистонда китобхонлик фаол тарғиб қилиняпти. 2017 йилда президентнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори чиққанди. Унда ахборот-кутубхона фаолиятини кучайтириш ва кутубхоналар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласи ҳам қўйилган.

Бундан ташқари, 2020 йилда Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди. Қарорнинг 3-пунктида 2022–2023 йилларда китобхонликка оид инфратузилмани мустаҳкамлаш, деган жойи бор.
2019 йилда президент илгари сурган 5 ташаббус лойиҳасининг 4-йўналиши ҳам ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.
Китобхонликка, китобга эътибор қаратиш кутубхоналар фондини бойитиш, китобхонлар оғринмай китоб ўқишлари учун шароит яратишни ҳам ўз ичига олиши керак эмасми?

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизматидан бу масалада изоҳ сўрашимиз жавобсиз қолди.
Илм-фан, алломалар бешиги бўлган Бухоронинг энг асосий кутубхонаси шу ҳолатдалиги дилни хира қилади. Аслида эса бу шаҳарга бир эмас, бир нечта замонавий кутубхоналар ярашади.
Ва яна умид қиламизки, режани тезроқ бажариш учун кутубхонани хўжакўрсинга сифатсиз таъмирламасдан, ҳам ходимлар, ҳам китобхонлар кўнгли тўладиган ҳолда топширишади.
АОКАдан эса республика бўйича кутубхоналардаги шароитларни доимий назорат қилиш ва вилоятларда жамоат кутубхоналари сонини ошириш масаласини кўриб чиқишни сўраймиз.
Зуҳра Aбдуҳалимова,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
12:10 / 27.05.2026
Бухорода ЙТҲ содир қилган ҳайдовчи 10 суткага қамалди
18:54 / 26.05.2026
Тинтувдан сўнг йўқолган тиллалар – қидирувдаги собиқ терговчи ишида янги тафсилотлар пайдо бўлди
08:20 / 25.05.2026
Бухорода соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцион схема фош этилди
21:35 / 21.05.2026