Жаҳон | 22:50 / 16.07.2021
4621
2 дақиқада ўқилади

1200дан кўпроқ олим Британия бош вазирининг барча covid-чекловларни бекор қилиш қарорини қоралади

Аввалроқ Британия бош вазири Борис Жонсон 19 июлдан мамлакатда амал қилаётган коронавирусга қарши барча чекловлар бекор бўлишини эълон қилганди. Бироқ олимларнинг фикрича, Жонсон бу билан “бутун дунёга хавф соладиган” оммавий зарарланиш сиёсатини юритмоқда.

Фото: Getty Images

Independent нашрида маълум қилинишича, халқаро мутахассислар Британияда чекловлар бекор қилиниши олдидан фавқулодда саммит чақиртиришмоқда.

Жонсон ҳукуматига чекловларни бекор қилиш бўйича режасини қайта кўриб чиқиш қатъиян тавсия этилган. Олимларнинг таъкидлашича, Британия ҳукуматининг ушбу қадами бутун дунёга хавф солади.

Дунёнинг 1200 мингдан кўпроқ олими Жонсоннинг 19 июлда “Эркинлик куни” ўтказиш қарорини қоралаган ва уни “илмийликка зид ва ахлоқсиз” деб атаган.

Охирги суткада Британияда кунлик касалланиш ҳолатлари январ ўртасидан бери илк бор 50 мингдан ошди. Пандемия бошидан бери 5,3 млндан кўпроқ британиялик коронавирусга чалинган, 129 мингга яқини вирусдан вафот этган.

Айни вақтда мамлакатда балоғатга етган ёшдаги аҳолининг 87,6 фоизи коронавирусга қарши вакцинанинг бир дозаси, 67,5 фоизи эса икки дозаси билан эмлаб бўлинган.

5 июлда Борис Жонсон 19 июлдан мамлакатда барча чекловлар бекор қилинишини тасдиқлаганди. Жумладан, ниқоб тақиш ва ижтимоий масофага амал қилиш мажбурий бўлмайди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид