Жаҳон | 22:56 / 16.07.2021
42661
3 дақиқада ўқилади

«Толибон» таклиф қилган ягона танлов – улар томонга ўтиш ёки таслим бўлиш» — Ашраф Ғани

«Биз «Толибон» билан музокаралар олиб бориш учун барча чоралардан фойдаланяпмиз», деди Афғонистон президенти Тошкент конференциясида қилган чиқишида.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Афғонистон ҳукумати «Толибон» ҳаракатини мамлакатда тинчлик ўрнатилиши учун ҳамкорликка чорлайди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда ана шундай баёнот билан чиқди.

«Биз баҳсли масалаларни тегишли тарзда ҳал қилиш ва уруш таҳдидини олиб ташлаш учун «Толибон»ни Афғонистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга чақирамиз», – дея Ашраф Ғанининг сўзларини келтирмоқда ТАСС.

Шу билан бирга, у Кобул ҳукумати толиблар билан «юзма-юз учрашув»га тайёрлигини билдирди.

Афғонистон президенти «минтақавий консенсус»га эришмасдан туриб, мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш имкони йўқлигини, мамлакатдаги уруш ва беқарорлик бутун минтақага катта таъсир кўрсатаётганини айтди.

«Биз «Толибон» билан музокаралар олиб бориш ва уларга ён босмаслик учун барча чоралардан фойдаланяпмиз», – дея қўшимча қилди у.

Ашраф Ғанининг айтишича, аҳоли расмий ҳукумат қуролли кучларини қўллаб-қувватламоқда ва армия сафларига кўнгиллиларни ёллаш ҳозирда ўсиб бормоқда, бироқ қийинчиликлар ҳам йўқ эмас. Биринчи катта қийинчилик – коронавируснинг учинчи тўлқини.

Бундан ташқари, Ашраф Ғанининг сўзларига кўра, АҚШ сиёсий қарорлар доирасида ҳаракатланмоқда.

«Улар ўз ҳарбий базаларини кўчиришди, 5000 дан зиёд маҳбус ва 50 нафар йирик наркосавдогар халқаро талаб асосида қўйиб юборилди. Буларнинг барчаси одамларимизни қочқинларга айлантирди, улар тинчроқ ҳаёт кечириш учун хавфсиз шаҳарларга қочишга ҳаракат қилмоқдалар. «Толибон» таклиф қилган ягона танлов – улар томонга ўтиш ёки таслим бўлиш», – дея унинг сўзларидан иқтибос келтирди Gazeta.uz.

Президентнинг қўшимча қилишича, ҳозирда мамлакатга Покистондан кўп миқдорда «жиҳодчи жангарилар»нинг кириб келиши кузатилмоқда, улар тўғридан тўғри трансмиллий террористик ташкилотлар билан боғлиқ.

«Бундан ташқари, биз халқаро кузатувчилар орасида консенсус ҳолатига гувоҳ бўлмоқдамиз, улар қўллаб-қувватлаш учун ҳеч қандай қадам ташламадилар», – таъкидлади афғон ҳукумати раҳбари.

Мавзуга оид