21:46 / 17.07.2021
6782

2021 йилнинг 6 ойида қонунбузарлардан қарийб 720 млрд сўмлик зарар ундирилди — Бош прокурор

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг таъкидлашича, 2021 йилнинг биринчи ярмида прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан қарийб 720 млрд сўмлик зарар ундирилган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

17 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳайъатининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ўтган ярим йилда прокуратура органлари томонидан мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.

Йўлдошевнинг қайд этишича, 2021 йилнинг биринчи ярмида 208 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Шунингдек, прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан қарийб 720 млрд сўмлик зарар ундирилиши таъминланган.

Шу билан бирга, ўтган ярим йилда 9737 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 18 676 нафарига муаммоларини бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатилган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати
Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Йиғилишда жойлардаги мавжуд муаммолар, айрим ҳудудларда йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқид қилинди. Айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга ҳар томонлама кўмак бериш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Ниғматилла Йўлдошев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид дастурлар, шу жумладан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси аҳволига эътибор қаратиб, ушбу дастурларнинг ижросини таъминлаш бўйича алоҳида штаб ва ишчи гуруҳлар фаолияти “Бюджет назорати” электрон дастури орқали кунлик мониторинг қилиб борилаётгани, бу борада тўла назорат ўрнатилганини билдирди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Ҳайъат йиғилишида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича ажратилган маблағларни талон-торож қилишнинг олдини олиш бўйича прокуратура органлари зиммасига катта масъулият ва жавобгарлик юклатилгани масъулларга яна бир бор эслатилган.

Top