Ўзбекистон | 21:51 / 17.07.2021
7721
2 дақиқада ўқилади

Нурдинжон Исмоилов парламент депутатларининг ярмидан кўпи ҳали эмланмаганини танқид қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 15 июль куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида спикер Нурдинжон Исмоилов ҳозирга қадар депутатларнинг 70 нафари ихтиёрий равишда эмлангани, қолганлари эса вакцина олмаганини танқид остига олди.

Фото: t.me/nurdinjonismoilov

Қайд этилишича, ялпи мажлисда аҳолини коронавирусдан эмлаш ишлари суст бораётгани, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва соҳа мутахассислари томонидан эмлашнинг ижобий самараси ҳақида аҳолининг кенг қатламлари орасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш қониқарсиз аҳволда экани танқид қилинди.

Депутатлар эмлаш пунктларида етарли даражада шарт-шароитлар йўқлигини ҳам қоралади.

Мажлис давомида соғлиқни сақлаш вазири ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарига аҳоли кўп тўпланадиган (бозорлар, савдо марказлари, кўнгилочар, дам олиш масканлари ва бошқа) жойларда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш, шу жумладан, ушбу манзилларда эмлаш пунктлари ва мобиль бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш таклиф этилди.

Парламент қуйи палатаси спикери эса депутатларнинг ўзи бу борада намуна бўлмаётганини танқид қилди.

“Айни пайтда ушбу инфекцияга қарши курашда энг самарали тадбирлардан бири эмлаш эканини, бундан бошқа чора йўқлигини соҳа олимлари эътироф этмоқда. Шунга қарамасдан, ҳозирги кунга қадар қуйи палата депутатларининг 70 нафари ихтиёрий равишда эмланган холос. Қолган 75 нафар депутат коронавирусга қарши вакцина олмагани, шунингдек, қуйи палата девони ходимлари ўртасида эмланганлар сони камлиги ҳам салбий ҳолат, албатта.

Аслида биз, тиббиёт ходимлари ишини кўпайтирмасдан, оиламиз, яқинларимиз, ҳамкасбларимиз ва дўстларимиз ҳаётини хавфга қўймасдан, аввало, ўзимиз намуна бўлишимиз лозим. Қолаверса, коронавирусга қарши эмлаш бўйича тарғибот-ташвиқот олиб боришимиз, унинг ижобий самарасини аҳолининг барча қатламларига кенг тушунтиришимиз зарур”, – дея Нурдинжон Исмоиловнинг сўзларини келтирмоқда палата ахборот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 16 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 997 034 киши коронавирусга қарши тўлиқ эмланган. Айни кунгача аҳолини ихтиёрий эмлаш тадбирлари учун 5,5 млн дозадан ортиқ вакцина ишлатилган. Шундан 3 445 376 та вакцина 1-босқичда, 1 520 271 та вакцина 2-босқичда, 555 373 та вакцина 3-босқичда эмлаш учун қўлланган.

Мавзуга оид