Мамлакатдаги 94-95 фоиз чорвани етиштириб берувчи аҳоли вакилларининг кўпчилигида чорва боқишга жой, едириш учун озуқа йўқ.
Шу сабабли, одамлар бугун мол, қўйларини бозорда анча арзон нархда, асосан, қассобларга сотишга мажбур бўлмоқда.
Мутахассисларга кўра, аҳвол шу даражада давом этиб, шошилинч чоралар кўрилмас экан, мамлакатни жуда оғир оқибатлар: чорва сонининг камайиб кетиши, гўшт ва сут маҳсулотлари нархининг эса кескин ошиши кутади.
Kun.uz мухбири Ўзбекистон чорвачилиги тушиб қолган бугунги оғир аҳвол, унинг сабаблари ва кўрилиши керак бўлган шошилинч чоралар юзасидан қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Насриддин Халилов билан интервью уюштирди.
Интервьюнинг биринчи қисми аввалроқ эълон қилиниб, матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми матни жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.
— Бугун озуқа йўқлиги сабаб, кўплаб ўзбекистонликлар чорва молларини бозорга чиқариб сотмоқда. Чорва нархи кескин тушиб кетган. Экспертларнинг фикрича, бу ҳолат кейинчалик чорва сонининг кескин камайиши ва гўшт нархининг ўсишига олиб келади. Сиз, шу соҳа олимларидан бири сифатида бу фикрларга қандай қарайсиз?
— Мантиқли савол. Муаммо тўғри қўйиляпти. Шу кетишда кетса, гўшт ва сут маҳсулотлари нархи қимматлашиб бораверади. Энг муҳими, туёқлар, чорва молларининг бош сони камаяди.
Хўш, бундай пайтларда нима қилиш керак?

Ҳозир биз 1 млн. гектардан зиёд сувли майдонда ғалла экамиз. Ундан бўшаган майдонлар ёшларга бўлиб бериляпти. Шу жараёнда ерларни олаётган ёшлар фермер хўжаликлари билан шартнома тузиб, чорва учун озуқа, яшил масса ҳам етиштириши керак. Биз ҳозир шу каби қўшимча резервлар билан чорва сонини сақлаб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Агар бундай қилинмаса, юқорида тахмин қилган муаммомиз – 1-2 йил ичида қалқиб чиқади. Бу вақтда эса муаммони ечиш қийин бўлади.









