Жамият | 19:30 / 19.07.2021
6382
3 дақиқада ўқилади

Ичимлик суви бўйича асоссиз тўлов ҳисобланганда 50 фоизлик компенсация талаб қилиш ҳуқуқи яратилиши мумкин

Ичимлик суви бўйича асоссиз тўлов ҳисобланганда истеъмолчилар тўловнинг 50 фоизи миқдорида компенсация талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Бу парламентда муҳокама қилинаётган “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида кўзда тутилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг хабар беришича, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш масалалари бугунги кунга қадар қонун даражасида тартибга солинмаган. Амалдаги қонунчиликда ичимлик суви ва оқова сув хизматлари истеъмолчиларининг мажбуриятлари аниқ белгиланган бўлиб, сув таъминоти ташкилотларининг мажбуриятлари эса мустаҳкамланмаган.

Расмий релизда сyв таъминоти ташкилотлари фаолиятида интизомнинг сустлиги оқибатида қувурларда носозликлар вужудга келмоқда ва истеъмолчилар томонидан уларга ноқонуний уланиш ҳолатлари кузатилаётгани таъкидланади.

Қайд этилишича, “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасида сув таъминоти ташкилотларининг ушбу соҳадаги мажбуриятлари ва ҳуқуқлари белгиланмоқда.

“Мазкур ҳужжат билан ичимлик суви ва оқова сув қувурларининг истеъмолчи ҳудудига туташган қисмигача ичимлик суви таъминоти ташкилоти масъул ҳисобланиши назарда тутилиб, истеъмолчиларга асоссиз ҳисобланган тўловларнинг 50 фоизига тенг миқдорда ичимлик суви таъминоти ташкилотидан компенсация (пеня) талаб қилиш ҳуқуқи берилмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида соҳани барқарор ривожлантириш ва хизматлар сифатини оширишга мўлжалланган таъсирчан ҳуқуқий база яратилиши, сув таъминоти ташкилотлари фаолиятида интизомни кучайтириш орқали носозликлар оқибатида ичимлик суви исроф қилинишининг олди олинади”, дейилади парламент қуйи палатаси хабарида.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 65 фоизи марказлашган ичимлик суви ва 17 фоизи оқова сув хизматлари билан таъминланган. 17та сув таъминоти ташкилоти томонидан 9 408 та сув таъминоти, 58 та канализация иншооти, 72 минг км ичимлик суви ҳамда 8,6 минг км оқова сув тармоқлари орқали хизматлар кўрсатилиб келинмоқда.

Аввалроқ “Ўзсувтаъминот” департамент бошлиғи Зуҳриддин Зайниддинов фойдаланилган ичимлик суви учун тўловлар ундирилиши 50-60 фоизлигича қолаётгани, шу боис келажакда ичимлик суви тармоғида ҳам “ақлли ҳисоблагич”лар ўрнатилиши режалаштирилаётганини маълум қилганди.

Мавзуга оид