Жаҳон | 21:12 / 19.07.2021
2606
1 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонининг фақат тўлиқ эмланган фуқароларига хорижга чиқишга рухсат берилади 

Саудия Арабистони ҳукумати августдан бошлаб коронавирусга қарши тўлиқ эмланган фуқароларгина хорижга чиқа олишини эълон қилди. Бу ҳақда подшоҳлик ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Таъкидланишича, 2021 йил 9 августдан бошлаб саудияликлар хорижга чиқиш учун коронавирусга қарши вакцинанинг иккинчи дозасини олишлари керак бўлади.

Бу қоидадан қуйидаги тоифадаги одамлар истисно қилинган: 1) 12 ёшгача бўлган болалар; 2) охирги 6 ой ичида коронавирусдан соғайганлар; 3) коронавирусдан соғайиб, вакцинанинг биринчи дозасини олганлар. Бундан ташқари, фақатгина эмланган саудияликларга масофадан ишламасликка ва ўз иш жойларига қайтишга рухсат берилади.

Бундай чоралар Саудия Арабистонида бошланган Ҳаж зиёрати билан боғлиқ ҳолда қабул қилинди. Июн ойида подшоҳлик ҳукумати Ҳажда 18 ёшдан 65 ёшгача тўлиқ эмланган саудияликлар иштирок эта олишини маълум қилганди.

Подшоҳлик соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, аҳолиси 34,2 млн кишини ташкил қилувчи Саудия Арабистонида айни вақтда коронавирусга қарши вакцинанинг 22 млндан кўпроқ дозаси қўлланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид