Ўзбекистон | 21:52 / 21.07.2021
34922
7 дақиқада ўқилади

“Иссиқхона эффекти”. Бу қандай ҳодиса ва нимаси билан хатарли?

Ўзбекистон шаҳарларида “иссиқхона эффекти” ва дарахтларнинг камайиб бориши билан кеча ва кундуз ўртасидаги ҳарорат фарқи қисқариб боряпти. Хусусан, Тошкент шаҳрида жазирама кунлари кескин қизиган асфальт юзаси, яшилликдан мосуво чўллашган шаҳар ландшафти каби манзаралар кечалари ҳароратнинг тезда пасайишига йўл бермаяпти.

Бу йилги ёз ўзгача келди. Тошкент шаҳрида июлнинг илк ҳафтасида охирги 150 йилликдаги айнан шу кунда қайд этилган энг иссиқ ҳаво ҳарорати рекордлари янгиланди. Юз бераётган бу иқлим ўзгаришларига инсон фаолияти сабаб қилиб кўрсатилмоқда: атмосферага чиқариладиган газлар, тинимсиз қурилишлар, яшилликнинг йўқолиши, маиший чиқиндиларнинг оқилона бартараф этилмаслиги каби.

Алалоқибат юзага келган иссиқхона эффекти бугун инсониятга ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Иссиқхона эффекти нима ўзи?

Қуёшдан келган иссиқликнинг Ер сатҳида жамланиб, димланиб қолиши иссиқхона эффекти дейилади. Яъни қуёшдан келган нурни Ер ҳам ўз навбатида атмосфера орқали коинотга қайтаради. Ушбу нурларнинг бир қисми коинотга чиқиб кетиш ўрнига одамлардан чиқарилган турли газларга ютилади. Унинг коинотга қайтиб чиқиб кетмаслиги оқибатида Ер юзи меъёридан ортиқ қизийди ва иқлимга таъсир кўрсатадиган иссиқхона қатлами ҳосил бўлади.

Натижада сутка мобайнида энг юқори ва энг паст ҳарорат орасида кам фарқ бўлади. Яъни одамлар ва табиат тунда ҳам кундузги каби иссиқ ва дим ҳаво таъсирида қолади. Бундай суткалик иссиқлик эса кескин исиш ҳодисасини келтириб чиқаради.

Аномал иқлим ҳодисалари – мувозанат бузилганининг белгиси

“Ўзгидромет” етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатов Kun.uz мухбири билан суҳбатда “иссиқхона эффекти”нинг ҳосил бўлиши, жамиятга ва келажакка етказадиган зарари ҳақида гапирди.

— Тасаввур қилинг, челакда муздек сув бор. Ҳар ҳолда сув этни жунжитадиган даражада совуқ. Биринчи вазиятда, сувга қўлингизни аста тиқиш орқали, сув ҳароратини ўз баданингизга мослаштира олдингиз. Иккинчи вазиятда ўша челакдаги муздек сувни сизнинг устингизга тўсатдан сепиб юборишди. Сизда сесканиш ва ўта ноқулай вазият юзага келди. Сув ҳароратини икки хил вазиятда икки хил ҳиссиёт билан қабул қилишни ҳис қилдингиз...

Нега бу воқеани эсладим. Иқлим исишини тезлаштирадиган иссиқхона эффекти ҳосил қилувчи газлар ҳам тўсатдан сунъий равишда тез кўпайтирилмоқда. Аксига, унинг назорати, мувозанатини ушлаб туриш учун табиатнинг ўзига ҳам имкон қолдирмаяпмиз: ўрмонзорларни ёввойиларча йўқ қилиш, ерларни пала-партиш ўзлаштириш, дунё океанини ифлослантириш орқали табиатнинг ҳавога чиқарилаётган ифлос газ миқдорларини жиловлаш имкониятини чеклаб қўйдик.

Худдики, совуқ сувни сизни устингиздан бирдан қуйиб юборганда юзага келадиган ҳиссиётларни табиат учун ҳам яратиб қўйдик. Тушунинг, табиат бунга шунчаки тез мослаша олмайди, бу акс таъсирлар табиатда ҳам тўсатдан ҳаво оқимлари ҳаракатидаги мувозанатни бузиб, ҳудудларга хос бўлмаган аномал ҳодисаларни тақдим этишига олиб келаверади.

Иссиқхона эффектини ҳосил қилувчи асосий модда – карбонат ангидрид

— Иссиқхона эффектини ҳосил қилувчи асосий газ бу – карбонат ангидрид. У атмосферага ҳам табиий, ҳам сунъий йўл билан қўшилади. Метан, азот оксиди каби бошқа ифлос газлар ҳавога инсон омили туфайли чиқарилиб, булар бир бутун иссиқхона эффекти даражасини белгилайди.

Иссиқхона эффектини ҳосил қилувчи газ концентрацияларининг ортиши, сайёрада табиий иссиқлик балансини бузади ва антропоген иссиқхона эффектини келтириб чиқаради.

Бу йилги аномал иссиқлик – Тошкент учун хавотирли

— Иссиқхона эффектида газлар салмоғининг ортиши кечалари ҳам ҳаво ҳароратнинг кўтарилишига олиб келиб, кундуз ва кечаси қайд этиладиган ҳаво ҳарорати максимум ва минимумлари орасидаги фарқ камайиб боришида намоён бўлади.

Июль ойининг бошида қайд этилган аномал иссиқлик Тошкент шаҳри учун хавотирли вазият. Ҳозирги суткалик ҳарорат фарқлари 5–6 даражага иссиқ. Олдинлари ёз ойларида, ҳатто мутлақ максимум рекордлар қайд этилган кунлари сутка давомидаги ўртача ҳарорат қиймати ҳозиргидагидек баланд бўлмаган.

Охирги жазирамалардан шуни англаш мумкинки, ёз ойларидаги иссиқ ҳароратлар кечаси ҳам ўтмишга нисбатан анча юқори кузатилмоқда. +40 даражадан юқори ҳаво ҳарорати сутканинг икки-уч соатлик даврида эмас, эндиликда узоқ давомли кузатилмоқда. Бу – яққол парник эффекти натижасида юзага келиб, жазирамалар Тошкент шаҳри аҳолисини куннинг хоҳлаган пайтида хафсаласини пир қилаётганида кўриш мумкин. Бу ўтмиш иссиқларига ўхшамайди.

Тошкент шаҳрида жазирамада кундуз кунлари кескин қизиган қалин асфальт сирти, яшилликдан мосуво чўллашган шаҳар ландшафти каби манзаралар кечалари ҳароратнинг тезда пасайишига олиб келмаяпти. Натижада, ёз ойлари Тошкент шаҳрида ҳаво ҳароратлари атроф ҳудудларга нисбатан 0,5-1 даража юқори кузатилмоқда.

Тошкентда 30 йил давомида яшилликнинг йўқолиб бориши
Сурат PhD Илҳомжон Асланов тадқиқотидан олинди.

Иссиқхона эффекти комплекс муаммоларни юзага чиқаради

— Бу каби ноодатий иссиқлар жамиятнинг барча соҳаларида маълум салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Биринчи акс таъсир шундоқ ҳам аҳолиси ўта зич шаҳарларда бевосита аҳоли саломатлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шаҳар аҳолиси давомли жазирамалардан азият чекади. Бу қариялар ва ҳамроҳ касали бор кишиларда яққол сезилади.

Иккинчи таъсир энергетика тизимида яққол кўринади. Давомли ва кечалари ҳам ҳароратнинг ноодатий юқори бўлиши энергияга бўлган талабни кескин оширади. Аҳолиси зич жойлашган ареалларда нотўғри ёндашув асосида тақсимланган энергетика занжирида юкламалар юзага келади, энергетика тизими бундай юкламани кўтара олмайди, дейди Эркин Абдулаҳатов.

***

Дарҳақиқат, юртимизда ҳаво ҳарорати кўтарилган кунларда пойтахтда ҳам электр энергияси узилишлари тинимсиз равишда кузатилди.

Оксфорд иқтисодиёт нотижорат тадқиқот маркази глобал исишнинг иқтисодиётга таъсири бўйича тадқиқот ўтказди. Марказ мутахассислари дунёнинг 203та ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларидаги вазият тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилишди. Маълум бўлишича, иссиқхона эффекти оқибатида 2100 йилга келиб бу давлатларда глобал ялпи ички маҳсулотнинг 20 фоизга пасайиши кутилмоқда.

Бу хулоса ўртача ҳарорат кўтарилишда давом этиши ҳақидаги тахминларга асосланади (ўн йилда тахминан 0,2°C ).

Шу ўринда марказ олимлари келажакда иссиқхона эффектидан жабр кўрмаслик учун керакли тавсияларни ҳам беришган:

  • қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш;
  • энергия самарадорлигини ошириш ва соҳаларни энергия тежовчи технологиялар билан модернизация қилиш;
  • табиатда яшилликни кўпайтириш, ўрмон ёнғинларининг олдини олиш, дарахтзорларни кўпайтириш;
  • экологик тоза қишлоқ хўжалигига ўтиш;
  • тупроқ таркибидаги органик моддаларни сақлаб қолиш (чунки уларнинг йўқолиши тўғридан тўғри иссиқхона эффектига таъсир қилади);
  • экологик тежамкор транспорт турларига ўтиш.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Мавзуга оид