Жаҳон | 23:41 / 22.07.2021
24204
2 дақиқада ўқилади

Шифокорлар коронавирусга чалинганларда антитана бир йилдан кўпроқ сақланишини айтишди

Финлaндия соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт миллий институти олимлари коронавирусга қарши антитана бир йилдан кўпроқ вақт давомида сақланишини маълум қилишди.

Фото: Pexels

“Финлaндия соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт миллий институти томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, COVID-19 билан касалланганларнинг аксариятида антитана бир йилдан кейин пайдо бўлган”, дейилади институт хабарида.

Олимларнинг таъкидлашича, касалланишдан бир йил ўтгач тадқиқотнинг 97 фоиз иштирокчисида коронавируснинг энг юқори оқсилларини танувчи IgG антитаналари аниқланган.

Маълумот берилишича, кўпчиликда антитаналар топилган бўлса-да, беморлар соғайганидан бир йил ўтгач уларнинг даражаси олти ой аввалгидан тахминан учдан бир қисмга камайиб кетгани аниқланган.

Шунингдек, тадқиқот давомида антитаналарнинг янги штаммларни зарарсизлантириш қобилияти ҳам ўрганилган. Маълум бўлишича, COVID-19га чалиниб тузалгандан сўнг шаклланадиган антитананинг “альфа” штаммидан ҳимоялаш даражаси “бироз пастроқ”, “бета” ва “дельта” штаммларидан ҳимоялаш имконияти эса “сезиларли даражада паст” бўлган.

“Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, коронавирус билан касалланишдан кейин антитаналар сони юқори бўлган тақдирда янги инфекцияларга нисбатан ҳимоя қобилияти ва инсон организмидаги антитаналар узоқ вақт давомида сақланиб қолади”, – дейди институт вакили Мерит Мелин.

Аввалроқ Ўзбекистон Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова вирус енгил тарзда ўтказилса, антитаналар миқдори кўп бўлмаслигини маълум қилганди.

Америкалик олимлар эса коронавирусни бошдан кечирганларда умрбод иммунитет шаклланиши мумкинлигини айтишган.

Мавзуга оид