10:57 / 23.07.2021
8386

Сирдарёда 240 млн сўм кредит олиб бериш эвазига 2 минг доллар талаб қилган банк ходими юзасидан расмий муносабат билдирилди

«Агробанк» матбуот хизмати банкнинг Сирдарё вилояти Сардоба тумани филиалида банк ходими кредит олиб бериш эвазига пора талаб қилаётгани айтилган видео юзасидан расмий муносабат берди.

Видеолавҳадаги пора талаб қилган шахс – О.Т. фуқарога «Ҳар бир оила тадбиркор» давлат дастури доирасида 240 млн. сўм кредит ажратилиши эвазига ундан 2000 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилгани айтилган. Банк вакилларига кўра, мазкур ҳолат ўрганилганида ўзини банк ходими деб таништирган шахснинг «Агробанк» Сирдарё вилояти Сардоба тумани филиалига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқланган.

Қайд этилишича, кредит олмоқчи бўлган МЧЖ раҳбари Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил қилиш мақсадида кредит ажратилиши бўйича «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури» доирасида Ягона электрон платформа орқали 2021 йил 9 июнда мурожаат қилган. Банк томонидан олиб борилган дастлабки ўрганишлар натижасида, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилиши назарда тутилган жой МЧЖга алоқадор бўлмаган бошқа фуқарога тегишли экани аниқланган. 

«Бундан ташқари, МЧЖ раҳбари Н.Мусурмонов бевосита кредит юзасидан Агробанк филиалига мурожаат қилмаган», дейилади «Агробанк» АТБ муносабатида.

Top