Жаҳон | 11:37 / 23.07.2021
3205
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ва Қирғизистон муносабатларни ривожлантириш учун янги шартномалар тузади

Яқин келажакда икки томонлама ҳамкорликка оид тўртта ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.

Тожикистон ҳукумати ўз қарорлари билан тегишли тузилмаларга Қирғизистон билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги ҳужжатларни келишиш ва имзолаш бўйича топшириқ берди.

Хусусан, икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида стандартлаштириш, метрология, маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш ва аккредитация соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим тузилиши кутилмоқда.

Битим лойиҳаси матнида ушбу ҳужжат «иқтисодий ва савдо муносабатларидаги техник тўсиқларни бартараф этишга» қаратилганлиги айтилган.

Бундан ташқари, томонлар пенсия таъминоти ва ижтимоий суғурта соҳасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома лойиҳасини келишади ҳамда имзолайди.

Шунингдек, ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум лойиҳаси, икки мамлакатнинг тегишли тузилмалари ўртасида ёшлар сиёсати соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум келишув ва тасдиқлаш босқичида турибди. 

Ушбу икки томонлама келишувлар тегишли тузилмалар томонидан маъқулланганидан сўнг, икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари томонидан имзоланадиган сана ва жой аниқлангандан кейин тузилиши кутилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар баҳсли чегара ҳудудларидаги қуролли тўқнашувдан кейин ёмонлашди. Рўй берган ҳодиса натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди ва юзлаб одамлар турли даражада жароҳат олди. 

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, икки томонлама тожик-қирғиз муносабатларининг ҳуқуқий базаси 100дан ортиқ ҳужжатдан иборат. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид