12:37 / 24.07.2021
4740

«Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди 

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида қонун лойиҳаларининг муҳокамаси бошланди. Унда депутатлар “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди. 

Парламент хабарига кўра, лойиҳанинг 24-моддасида Фавқулодда ҳолатнинг жорий этилиши инсонлар ва фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 24, 25, 26-моддалари, 27-моддаси биринчи қисми, 30, 31 ва 44-моддаларида белгиланган эркинликлари ва ҳуқуқларини чеклашга асос бўла олмаслиги кўрсатиб ўтилмоқда. 

Хусусан, Конституцияда белгиланган яшаш ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи каби инсоннинг қатор асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар қандай ҳолатда ҳам чекланмаслиги белгилаб қўйилмоқда. 

Депутатларнинг айтишича, мазкур қонун давлат бошқаруви тизими орқали самарали ва тезкор фавқулодда чораларни қўллаш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга имкон беради.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Top