Жаҳон | 00:12 / 25.07.2021
12890
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон чегарада юз берган отишмада Қирғизистон ҳарбийларини айблади

Таъкидланишича, Бишкекнинг Қуммозор участкаси Қирғизистон ҳудудида жойлашгани тўғрисидаги баёноти "юридик асосга эга эмас".

Фото: EPA

Тожикистон  чегарачилари Қирғизистон билан чегарада қўшни мамлакат фуқароларининг ва уларни қўллаб-қувватлаган қирғиз чегарачиларининг ноҳақ ҳаракатларига жавобан ўт очишганини маълум қилди. Бу ҳақда Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари матбуот марказига таяниб Ховар агентлиги хабар берди.

Икки мамлакат маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги келишувга мувофиқ, Исфара шаҳри аҳолиси чегарадаги Қуммозор масканини тозалаш ишларини ўтказган, дейилади хабарда. Қайд этилишича, Қирғизистоннинг чегара қишлоғида яшовчи 20 нафардан ортиқ шахс улар билан даҳанаки жангга киришган ва Тожикистон  фуқароларига тош ота бошлаган.

Воқеа жойига икки мамлакат чегарачилари етиб келган. Маълумот берилишича, қирғиз чегарачилари қишлоқ аҳолисининг ноқонуний ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган ва тинч аҳоли ҳамда тожик чегарачиларига автоматдан ўқ узган.

"Тожик чегарачилари қирғиз ҳарбийларининг ноқонуний ҳаракатларига жавобан ўт очган", — дейилади хабарда.

Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари баёнотида айтилишича, Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизматининг Қуммозор участкаси Қирғизистон ҳудудида жойлашгани тўғрисидаги баёноти "юридик асосга эга эмас".

Таъкидланишича, "ушбу участка 1924-1927 йиллардаги ҳужжат ва 1989 йилдаги паритет комиссияси келишувига мувофиқ тўлалигича Тожикистон Республикасига тегишли".

Аввалроқ Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати Боткен участкасида Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари ўртасида отишма содир бўлгани тўғрисида хабар қилганди.

"Тожикистон томони Қирғизистон томонининг ишларни тўхтатиш тўғрисидаги талабига бўйсунмаган. Тожикистон фуқаролари Қирғизистон фуқаросини калтаклашга уринган. Даҳанаки жанг муштлашув ва тошбўронга айланиб кетган. Жанжал вақтида тожик чегарачилари Қирғизистон томонга ўқ узган. Қирғизистон чегарачилари бунга жавобан Тожикистон томонга ўқ узган", — дейилган хабарда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид