Ўзбекистон | 13:21 / 27.07.2021
2088
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида фуқароларни ўқишга киритишни айтиб пул олган талабалар ушланди

Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида фуқароларни ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб пул олган талабалар ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали талабаси И.Э. ушланган. У фуқаро А.нинг ишончига кириб, уни ушбу университетга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 54 миллион сўм олган вақтда қўлга олинган. Унинг кўрсатмасига асосан тадбир давом эттирилиб, И.Э.нинг шериги яна бир талаба О.Х. 42,4 миллион сўм олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, департамент ҳамда ДХХ Фарғона вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ф.А. ва унинг шериги Наманган давлат университети талабаси И.П. ушланган. Улар фуқаро Ш.ни Қирғизистондаги университетлардан бирига Иқтисодиёт йўналиши бўйича ўқишга киритиш ва 1-босқични тамомлаганлиги ҳақида маълумотнома тайёрлатиб бериш эвазига 2 500 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид