Жамият | 18:43 / 28.07.2021
470
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 2021 йил олти ойда ЙҲХБдан МИБга 40 мингдан ошиқ ижро ҳужжати келиб тушгани маълум қилинди

Қашқадарё вилоятида 2021 йил олти ой давомида ЙҲХБдан МИБга йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилардан жарималарни ундириш бўйича 40 минг 764 та ижро ҳужжати келиб тушган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил олти ой давомида МИБ Қашқадарё вилоят бошқармаси органлари иш юритувига вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан 40 минг 764 та, жами 10 миллиард 100 миллион сўмлик ижро ҳужжатлари келиб тушган. Улардан жами 25 минг 989 та, 6 миллиард 700 миллион сўмлик ижро ҳужжатларининг ижроси таъминланган ва ҳайдовчилардан ўз вақтида тўланмаган жарималар ундирилган.

Қайд этилишича, биргина июнь ойида ўтказилган рейд давомида маъмурий жарималарни муддатида тўламаган транспорт воситаси ҳайдовчилари замонавий AUTOCON ускунаси ёрдамида аниқланиб, 4 минг 646 та ҳуқуқбузар ҳайдовчидан 1 миллиард 200 миллион сўм қарздорликлар ундирилган. 300 дан ошиқ ҳайдовчилар эса жаримани тўламагани учун улар бошқарувида бўлган транспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилган.

Маълумот учун, амалдаги тартибларга кўра, ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб, 15 кундан кечиктирмай жаримани тўлаши белгиланган. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш ускуналари орқали қайд этилган қоидабузарлик учун солинган жаримани қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кундан кечикмай тўлаши лозим. Ана шу муддатда тўланмаган жарималар ижро ҳужжатлари орқали МИБга ўтказилади ва мажбурий тарзда ундирилади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид