Жаҳон | 22:05 / 29.07.2021
58121
13 дақиқада ўқилади

Инглизлар Афғонистонни нега забт эта олмаган?

1838–1842 йиллардаги биринчи инглиз-афғон уруши, кейинги иккита урушда бўлгани каби, инглиз қўшинларининг мағлубияти билан тугаган. Америкалик ёзувчи Роберт Грин “Урушнинг 33 стратегияси” китобида биринчи инглиз-афғон урушида британияликлар мағлубиятининг сабабларини ўз талқинида баён этган.

1839 йил 23 июл, инглиз қўшинлари Ғазна шаҳрига кириб бормоқда.
Фото: Wikipedia

1838 йилнинг июнь ойида Ҳиндистоннинг британиялик губернатори лорд Окленд Афғонистонга бостириб кириш масаласини ҳал қилиш учун олиймақом амалдорларни йиғилишга тўплайди.

Окленд ва бошқа амалдорлар-у дипломатларни бу минтақада Россиянинг кучайиб бораётган таъсири хавотирга соларди. Руслар Эрон билан дўстона иттифоқ тузиб, энди Афғонистон билан ҳам шундай муносабат ўрнатишга уринаётган эдилар. Руслар бу борада муваффақият қозонгудек бўлсалар Ҳиндистонга тажовуз қилишлари учун йўл очилади.

Руслардан олдин отни қамчилаб, Афғонистон амири Дўст Муҳаммад билан шартнома тузиш ўрнига, Окленд бу мамлакатни босиб олиб, амирни тахтдан ағдаришни таклиф қилади.

Бундан ташқари, шу воқеалардан 25 йил бурун тахтдан четлатилган шоҳ Шужа ул-Маликни Афғонистон ҳукмдори сифатида қайта тиклашни илгари суради. Бу вариант амалга ошса, шоҳ ўзини инглизлар олдида қарздор ҳисоблаб, улар чизган чизиқдан чиқмайди.

Ўша куни Окленд маърузасини тинглаган амалдорлар ичида Калькутта ҳукуматининг 45 ёшли котиби Уильям Ҳей Макнактен ҳам бор эди. Бостириб кириш режаси унга жуда маъқул тушади: шоҳ бошчилигидаги дўстона янги ҳукумат Афғонистонда Британия манфаатларини ҳимоя қилади ва таъсирини кенгайтиради, бунга нима етсин. Бундан ташқари, режа жуда ишонарли чиққанди. Ибтидоий уруғ-жамоа даражасида турган афғонларни мағлубиятга учратиш Британия армияси учун ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Бу операция шундай ташкил қилинадики, гўё Британия рус мустабид тузумининг истибдодига тушиб қолмаслиги учун халоскор сифатида Афғонистонга беғараз ёрдам қўлини чўзган бўлади. Шоҳ Шужа ул-Малик тахтга чиқиши биланоқ инглиз армияси мамлакатни тарк этади. Чунки шоҳ Британия таъсири остига тушиб, уларнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб қолганлигини афғонлар сезмаслиги керак.

I инглиз-афғон урушида воқеалар марказида турган Уильям Ҳей Макнактен

Ушбу лойиҳа юзасидан муҳокамалар чоғида Макнактен уни қизғин қўллаб-қувватлайди. Унинг энтузиазми шу қадар кучли эдики, Окленд буни кўриб тўғри қарорга келганига тўла ишонч ҳосил қилади ва Макнактенни Афғонистонга элчи қилиб тайинлайди.

Британия қўшинлари 1839 йилнинг август ойида, ўз йўлида қарийб қаршиликка учрамай, Кобул шаҳрига кириб келишади. Амир Дўст Муҳаммад тоғлар томон қочади ва шоҳ Шужа ул-Малик шаҳарга кириб келиб тахтни эгаллайди.

Маҳаллий аҳоли наздида буларнинг барчаси жуда ғайритабиий кўриниш ва ҳолат касб этганди: қариб-қартайиб қолган, барчанинг хотирасидан ўчган, боз устига страус патлари билан безатилган шляпа ва оҳанжама мундир кийиб шаҳарга кириб келган Макнактенга мутеларча бош эгиб турган Шужа ул-Малик одамнинг раҳми келадиган даражада афтодаҳол эди.

Шоҳ ҳокимиятга қайтгач, юзага келган вазият туфайли Макнактен ўз қарашларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўла бошлайди. Мамлакат шимолидаги тоғларда Дўст Муҳаммад қўшин тўплаётгани ҳақида хабар келади. Афғонистон жанубида эса инглиз аскарлари талончилик билан шуғулланиб, маҳаллий қабилалар ва уларнинг йўлбошчиларини ўзларига қарши қўядилар. Қабилалар етакчилари ғалаён кўтара бошлашади. Бундан ташқари, тахтни эгаллаган собиқ шоҳ фуқаролари ўртасида ҳеч қандай обрўга эга эмаслиги маълум бўлади.

Булардан ташвишга тушган Макнактен шоҳ хавфсизлигини таъминлашни инглизлар зиммасига юклайди. Макнактен тишини тишига қўйиб, ўзи хоҳламаган тарзда вазият тўла изга тушгунга қадар Британия армиясини Афғонистонда қолдиришга қарор қилади.

Шоҳ Шужа ул-Малик Кобулдаги саройда / Сурат – Британия кутубхонасидан

Вақт ўтиб борар, армиянинг Афғонистонда бўлиш муддати чўзилиб кетганди. Ҳарбийларнинг машаққатли ҳаётини бироз бўлса-да енгиллаштириш учун уларнинг оила аъзоларини олиб келишга рухсат берилади. Тез орада инглизларнинг хотин ва бола-чақалари ҳинд хизматкорлари ҳамроҳлигида Афғонистонга келишади. Макнактеннинг аскар ва зобитлар оилалари келиши афғонлар билан дўстона муносабатларга кўприк бўлади, деган умиди ҳам пучга чиқади. Аксинча, бу нарса афғонларни янада ҳушёр торттириб, уларни ташвишга солиб қўяди.

Маҳаллий аҳоли ҳар қадамда британияликларнинг нафасини сеза бошлайдилар: инглизлар кўчаларда баланд овозда гапириб, тўп-тўп бўлиб юришар, вино ичишар, театр ва отлар мусобақасига боришарди. Буларнинг барчаси афғонлар табиатига бегона эди. Боз устига, уларнинг хотинлари-ю болалари ҳам ўзларини худди ўз уйларида юргандек тута бошлашади. Афғонлар қалбида ғарб ва Европа одатлари-ю одамларига нисбатан чўнг бир нафрат уйғонади.

Макнактенни воқеаларнинг айнан ана шундай ривож топишидан бир неча марта огоҳлантиришганди. Лекин у ҳар сафар: “Армиямизни олиб чиқиб кетишимиз биланоқ ҳамма нарса унутилади ва кечирилади, афғонлар – қони қайноқ бўлса-да, лекин болаларча содда ва гўл ҳамда тезда хафагарчиликни унутадиган одамлар”, деб, хавотирга тушганларни тинчлантиради. “Ғарб цивилизацияси меваларидан баҳраманд бўлишгач, албатта биздан миннатдор бўлишади”, деб ҳисоблайди.

Лекин элчининг ўзини ҳам ташвишга солаётган яна бир ҳолат юзага келади: Британия ҳукумати Афғонистон истилоси янгидан янги харажатлар талаб қилаётганидан норози эди. Бошида бу мамлакат яшин тезлигида забт этилиб, тахтга Британия манфаатларига хизмат қилувчи ҳукмдорни олиб келиб, армия тезда олиб чиқиб кетилиши режалаштирилганди. Ҳеч қандай сарф-харажатсиз инглизпараст шоҳ қўли билан минтақада Британия манфаатларини таъминлаш кўзланганди. Макнактен сарф-харажатларни камайтириш учун нимадир қилиши лозим эди. Ва у ишни нимадан бошлашни белгилайди.

Афғонистоннинг тоғлар орқали ўтадиган асосий савдо йўлларини ғилзаийлар қабиласи назорат қиларди. Узоқ йиллардан буён, мамлакатни ким бошқаришидан қатъи назар, ғилзаийлар бу йўллардан фойдаланувчилардан солиқ олишарди. Макнактен тўлов миқдорини икки баробар қисқартиришга қарор қилади. Бунга жавобан ғилзаийлар довон йўлларини ёпиб қўйишади. Бутун мамлакат аҳолиси бўйсунмас ғилзаийларга хайрихоҳлик билан қарайди. Макнактен ғалаёнларни бостиришга ҳаракат қилган бўлса-да, лекин уни жиддий қабул қилмайди. Дадил ва қатъий чоралар кўриш тўғрисида таклиф киритган зобитларни вазифасидан бўшатади.

Воқеаларнинг бундай йўсини Британия армияси ҳали узоқ муддат Афғонистонда қолишига тўғри келишидан дарак бераётганди.

Орада вазият шитоб билан ёмонлашиб борарди. 1841 йилнинг октябрь ойида ғазаби қайнаган оломон британиялик амалдорнинг уйига бостириб кириб, уни ўлдиришади. Кобулда маҳаллий қабилалар етакчилари Британия ҳукуматини ағдариб ташлаш учун ўзаро тил бириктиришади. Шоҳ Шужа ул-Малик саросимага тушиб қолади. У Макнактендан душманларини ушлаб қатл қилишга рухсат беришини ўтиниб сўрайди. Шоҳ шу йўл билангина ўз мавқейини мустаҳкамламоқчи бўлади. Макнактен цивилизациялашган давлатда сиёсий муаммоларни ҳал қилишда рақибларни ўлдириш ярамаслигини шоҳга такрор-такрор уқтиради. Шоҳ афғонлар “цивилизация қадриятлари”ни эмас, фақат куч ва ҳокимиятни тан олишларини яхши биларди. Душманларини яксон қилмаслик афғонлар кўзи олдида заифлик ва ҳукмдорликка арзимасликни кўрсатарди. Натижада душманлар ва бадхоҳлар сони кўпайиб боради. Макнактен эса шоҳнинг ўтинишларини эшитгиси ҳам келмасди.

Бутун мамлакат бўйлаб ғалаёнлар кучайиб боради. Оқибатда ғалаён ўчоқларини бостиришга куч етмаётганини Макнактен тан олишга мажбур бўлади. Лекин ҳали-ҳамон хавотирга тушишига асос йўқ, деб ҳисобларди: “афғонлар сардорлари гўл – айёрлик, фитна ва қутқулар билан уларнинг қўлидан ҳокимиятни тортиб олиш мумкин”. Шу мақсадда Афғонистонда Британия қўшинлари ва фуқароларини олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги шартномани ошкора муҳокама қила бошлайди. Бунинг эвазига афғонлар чекинаётган инглиз қўшинларини озиқ-овқат билан таъминлашлари зарурлиги уқтирилади. Иккинчи томондан эса бир қанча энг кучли қабила сардорлари билан яширин музокара ўтказиб, агар улар Британия қўшинларининг Афғонистонда қолишига ва ғалаёнларни бостиришга ёрдам берсалар, улардан бирини бош вазир этиб тайинлаш ва бойликка кўмиб ташлашга ваъда беради.

Шарқий ғилзаийлар сардори Акбархон бу таклифни ўйлаб кўришга ваъда беради. 1841 йилнинг 23 декабрь куни шартнома имзолаш учун Макнактен Акбархон ҳузурига яширин равишда йўл олади. Салом-алик маросимидан сўнг, Акбархон яна бир бор режа шартлари албатта бажариладими, деб сўрайди. Ғалаба яқинлигидан ва шартнома имзоланишидан қувониб кетган Макнактен илгари сурилган режа сўзсиз бажарилишига ваъда беради. Бу гапни эшитиши биланоқ, Акбархон одамларига ишора қилади ва улар Макнактенни қўлга олишади.

Акбархон бошқа сардорларга хиёнат қилмоқчи эмасди. Асир олинган Макнактенни кўчага олиб чиқишганда, афғонларни лақиллатишга қаратилган яширин музокаралардан аллақачон хабари бор ва истило туфайли юраклари қонга тўлган, ўзларини хўрланган деб ҳисобловчи ҳамда ғазабдан жунбишга келган оломон уларни кутиб турарди. Оломон Макнактенни тилка-пора қилиб ташлайди. Танасидан жудо қилинган боши ва қўлларини Кобул кўчалари бўйлаб сазойи қилиб олиб ўтишади. Танасини эса бозорда қассобнинг чангагига илиб қўйишади.

Бир неча кун ичида вазият бутунлай ўзгариб кетади. Британия қўшинлари (4,5 минг ҳарбий, 12 минг ҳинд хизматчиси ва фуқаролар) ноқулай об-ҳавога қарамасдан дарҳол чекинишни бошлашади. Аввал келишилганидек (гарчанд бу афғонлар орасига нифоқ солишга қаратилган шартнома бўлса-да) чекинаётган инглиз қўшинларини маҳаллий халқ озиқ-овқат билан таъминлаши лозим эди. Лекин бу талабни афғонлар бажармайди. Британияликлар яхши муносабат ва кўнгилли кузатувга арзимайди деб, чекинаётган қўшинларга ҳар қадамда ҳужумлар уюштирилади. Қор босган йўллар бўйлаб тумтарақай ва тартибсиз қочиб бораётган минглаб инглизлар совуқдан, очликдан ва афғон қасоскорлари ўқидан ҳалок бўлишади.

1842 йилнинг 13 январь куни Жалолобод форти қалъасини қўриқлаб турган инглиз аскарлари дарвоза остонасида чалажон бир отлиққа кўзлари тушади. Бу сувори Афғонистонга бостириб кирган Британия армияси сафида тирик қолиш бахтига муяссар бўлган ягона одам – Уильям Брайдон эди.

Уильям Брайдон портрети / Муаллиф: Элизабет Батлер

Воқеага шарҳ

Макнактенда ҳалокатнинг олдини олиш имконияти бор эди. Афғон экспедициясини бошлашидан аввал унинг қўлида бу ишга керак бўладиган барча маълумотлар ва билимлар мавжуд эди. Афғонистонда бўлган ва бу мамлакат урф-одатлари билан таниш инглиз ва ҳиндлар Макнактенга афғонлар дунёдаги энг ғурурли ва мустақил халқлардан бири эканини айтишганди. Инглиз қўшинлари Кобул кўчалари бўйлаб тантанавор қадам ташлар экан – бу афғонлар ғурурини камситганди. Ва албатта уларни тинчликсевар, гапга кўнадиган ёки муросасоз халқ ҳам деб бўлмасди. Доимий ўзаро тўқнашувлар одатий ҳолга айланганди.

Макнактен буларнинг барисини билар ва ўжарлик билан яққол кўриниб турган фактлардан кўз юмарди. У Европа қадриятлари универсал характерга эга деб, афғонларга инглиз мезонлари билан ёндашганди. Ўз-ўзига маҳлиё бўлиб қолган Макнактен содир бўлаётган воқеаларни тамоман тескари баҳоларди. Британия қўшинларини Кобулда сақлаб қолиш, ғилзаийларга тўланаётган солиқ миқдорини икки ҳисса камайтириш, тартибсизликлар ва ғалаёнларга жудаям катта эътибор бериб юбормаслик сингари айёрона стратегик юришлар натижаси хато бўлиб чиқади. Аслида ана шу ишларнинг тескарисини қилиши лозим эди. Бошини қилич кесган мудҳиш кунда эса энг охирги хатосига йўл қўйди: куни кеча ўзи менсимай ва камситиб келган одамларни пул ва мансаб билан сотиб олмоқчи бўлди.

Бундай нодонлик ва дўст билан душманни ажрата олмаслик бизнинг кунларимизда ҳам тез-тез учраб туради; умуман олганда бу билан биз ҳар қадамда тўқнаш келиб турамиз. Ҳамма одамлар ҳам худди ўзимизга ўхшайди ва уларни кўзгудаги аксимиздек қабул қилишимиз, ўзимизнинг истак ва қарашларимиз бошқаларга ҳам тааллуқли, деб ўйлаш – одам боласига табиатан хос хусусият. Атрофимиздагилар биздан фарқ қилишини англаб етмаймиз. Шу боис улар бирор нарсага худди биз кутгандек эмас бошқача муносабат билдирсалар ёки ўзларини ўзгача тутсалар, ҳайрон қоламиз. Ўзимиз сезмаган ҳолда улардан хафа бўлиб, ўзимиздан уларнинг кўнглини совитамиз. Ўзимиз бошқаларни тушунишга қурбимиз етмай, яна бунга бошқаларни айбдор санаймиз.

Атрофдаги одамларни вазмин ва холис қабул қилишга ҳаракат қилиш керак. Ҳар бир инсон ва шахс – бу бошқа цивилизация ва маданиятга мансублигини унутмаслик лозим. Ўз ўлчовларингиз билан эмас, одамлар қандай бўлса шу ҳолича қабул қилишни ўрганинг .

Рус тилидан Жалолиддин Сафоев таржимаси

Мавзуга оид