Ўзбекистон | 23:45 / 29.07.2021
8553
4 дақиқада ўқилади

“Ноозиқ-овқат товарлар қимматлашишида ёнилғи нархи ўсишининг аҳамияти катта” — Нодирбек Очилов

ОPEC+ давлатлари келишувидан сўнг жаҳон бозорида нефт нархи арзонлашганига қарамай, Ўзбекистонда бензин нархи тушгани йўқ. Энди эса жаҳон бозорида яна нарх оша бошлади.

Йил бошидан буён Ўзбекистонда бензин нархи 17 фоизга ошган ва нарх ўсиши барқарорлашмаяпти.

Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг январ-июн ойларида автомобил бензинининг нархи 17 фоизга ўсган. Ўтган йилнинг июн ойига нисбатан эса нархларда 38,8 фоизга ўсиш кузатилган.

Асосий товар ва хизматлар нархларига қарайдиган бўлсак, биринчи кескин ўсиш ўсимлик ёғларида бўлса, бензин нархи сезиларли ўсишда иккинчи ўринни эгалламоқда.

Ўтган ҳафта давомида ОPEC+ давлатларининг нефт қазиб олиш миқдорини ошириш борасидаги келишувидан сўнг, нефт нархида қисқа муддатли арзонлаш кузатилди. Бу автомобил бензинида импортга ниҳоятда боғлиқ бўлган Ўзбекистон бозорида 80 маркали бензин нархи арзонлаши борасида сигнал бўлиши мумкин эди. Бироқ Ўзбекистонда нархларда ўзгариш деярли сезилмади.

Ўзбекистон товар-хомашё биржасида қисқа муддатли пасайиш пайтида (19 июл) нарх 0,4 фоизга арзонлаганини кўриш мумкин.

Июлнинг сўнгги 10 кунлигида жаҳон бозорида нархлар яна ошишни бошлади, ой охирига келиб бир баррел нефт нархи 75 долларгача кўтарилди. Бу Ўзбекистон бозорига ҳам таъсир қилиши турган гап.

Марказий банк Пул-кредит сиёсати департаменти директори Нодирбек Очилов Kun.uz'гa берган интервьюсида айни дамдаги ёнилғи нархларига оид тенденция ҳақида гапирди.

“Ноозиқ-овқат товарлар нархи ўсиши таркибида ёнилғи маҳсулотлари нархи кўтарилиши катта ўринни эгаллайди. Бунда бензин ва пропан нархлари етарли даражада ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Бу биринчидан ташқи бозордаги нархларнинг ошиши билан изоҳланади. Йил бошидан бери нефт нархи 40 фоиздан кўпроққа ўсди. Жаҳон иқтисодиёти тикланиши билан бевосита логистика, транспорт бўйича фаоллашиш кузатилди. Бу ўз навбатида нефт маҳсулотига бўлган талабни оширади.

Иккинчи омил, импорт ва маҳсулот етказиб бериш бўйича рақобат муҳитининг яхшиланиши. Бу кейинчалик нархнинг пасайиш динамикасини ҳосил қилиши мумкин.

Ички бозоримизга эътибор берадиган бўлсак, нефт маҳсулотларининг ўсиши иқтисодий фаоллик билан боғлиқ. Борган сари автомобиллар сони ошяпти, иқтисодий фаоллашув ошиши билан иқтисодиётда ҳаракатчанлик ошмоқда. Бу талабнинг ошишига олиб келади. Талабга яраша таклифнинг мослашуви бироз вақт талаб қилади. Ишлаб чиқариш ва импорт ҳажмининг ошиши билан бевосита нефт маҳсулотларининг нархи пасайиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, хусусийлаштириш жараёнларида бир нечта нефт билан боғлиқ корхоналар сотувга қўйилган. Бунга хусусий секторнинг кириб келиши нефт бозорида қўшимча маҳсулотларни яратади”, – деди МБ масъули.

Шунингдек, Нодирбек Очилов жаҳон бозорида нарх арзонлаган пайтда Ўзбекистонда автомобил бензини нархидаги пасайиш деярли сезилмаслиги бўйича фикр билдирди.

“Бугун жаҳон бозорида нарх ўзгарса, эртага бизда ҳам ўзгариши қийин масала. Бу маълум муддатни олиши мумкин. Импорт қилувчилар қанча муддатга шартнома имзолагани, бевосита нефт нархи пасайиши шартномада қанчалик инобатга олинганини таҳлил қилиш керак”, – деди у.

Мавзуга оид