Спорт | 19:42 / 29.07.2021
30201
7 дақиқада ўқилади

Шомуродов «Рома»га ўтмоқда. Бу ҳужумчи учун яхшими?

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Италиядаги юришини давом эттирмоқда ва яқин вақтлар ичида дунёнинг энг совриндор мураббийларидан бири бошқарувидаги «Рома» клуби аъзосига айланиши кутилмоқда.

Фото: Getty Images/Marco Canoniero

 «Рома» «Женоа»дан катта

 Шубҳасиз, гарчи айни чемпионат ва айни рақибларга қарши ҳаракат қилинса-да, кучлироқ жамоа сафида тўп суриш ҳужумчимиз учун фойдалироқ бўлади. Биринчидан, «Женоа»дан фарқли ўлароқ «Рома» аксарият ўйинларни ўзидан кучсизроқ жамоаларга қарши ўтказади ва табиийки, бундай ҳолатда Элдорда тўп билан муомала қилиш, пасларга очилиш ва қабул қилиш, ҳамда гол уриш имконияти кўпроқ бўлади.

Иккинчидан, турнир эътибори билан ҳам «Рома» каттароқ мақсадларни ўз олдига қўйган ва камида еврокубоклар учун курашадиган жамоа ҳисобланади. Умуман, Европадаги нуфузи, Рим шаҳри, «Лацио» ёки бошқа топ-клублар билан муносабати, мухлислари ва босим нуқтайи назаридан «Рома» – Шомуродов учун мутлақо янги ва каттароқ чақириқ.

Учинчидан, «Женоа»да Элдорнинг энг таниқли жамоадоши Пандев эди, «Рома»да эса,номлар анча катта ва кўп. Жеко, Патрисиу, Кристанте, Флоренци, Мхитарян, Ал Шаъровий, Верету, Дзанольо, Смоллинг, Педро, Пастори ва Майорал каби футболчилар билан бирга тўп суриш Шомуродовга янги тажриба, янада ўсиш учун имконият бўлиши табиий.

Янги мураббий олдига келмоқда

Шомуродовнинг трансфери «Рома»да янги мураббий билан бир мавсум арафасида содир бўлаётгани ҳам фойда бўлиши мумкин. У тайёр шаклланган ва маълум даражада бир-бирига ўрганган жамоага четдан қўшилиб кетиш вазифаси билан бормайди. Айни пайтда мураббий учун Шомуродов ҳам бошқа футболчилар билан тенг номзод сифатида қаралади.

Бу омил ҳужумчининг ўзини кўрсатиш ва кучини исботлаш вазифасини бироз осонлаштириши мумкин. Мураббий янги жамоага келиб, қўл остидагиларнинг имкониятларини чамалаб, энг мақбул тактика ва услуб устида ишлаётганда, табиийки, Шомуродовга ҳам алоҳида эътибор берилади, унинг устунликлари ва камчиликлари борасида жиддий қаралади. Шунчаки, янги футболчи сифатида машғулотлар ва ўйинда берилган дақиқаларда кимнидир ўрнига чиқиб, ўзини кўрсатиш талаби қўйилмайди.

Жозе Моуриньо омили

Моуриньо футбол оламида ҳар қанча танқид қилиниб, фаолияти йилдан йилга пастга қараб кетаётган бўлмасин, барибир юқори савияли мураббий бўлиб қолаверади ва Шомуродовнинг «Женоа»дан айнан Моуриньо қўл остига келиши айни муддао бўлиши мумкин.

Аслида Моуриньонинг савияси ҳақидаги мулоҳазалар анча баҳсли, зеро унинг муваффақиятсизликлари Англияда, жуда кучли мураббийлар ва ижрочилар фонида, катта босим остида рўй берди. Бундай шартларда А Серияни топ-мураббий сифатида тарк этган Саррида ҳам ҳаммаси кўнгилдагидек бўлмаганди. Спаллетти, Пиоли каби мураббийлар эскирмаган, Конте истаганини қила оладиган, Манчини эса, қайтадан топ-мураббийга айланадиган Италия футболида Жозенинг услублари иш бериши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, Жозенинг энг яхши йилларида Дрогба, Милито, Коста, Лукаку, Кейн каби типдаги ҳужумчилар муваффақиятли тўп сурган. Шомуродовни уларнинг ҳар бирига ўхшатиш, уларнинг умумий жиҳатларини топиш мумкин.

Умуман, Жозе Моуриньо ижрочиларни жамоавий услубга мослаштириш эмас, футболчиларнинг индивидуал устунликларини юзага олиб чиққан ҳолда, улардан фойдаланишни яхшироқ эплай олади. Моуриньо ўйин қуриш борасида муаммоларга учраётгандир, аммо яхши селекционер бўлиб қолаверади. Агар у Шомуродовни кузатган ва унинг трансферига ўз розилигини билдирган бўлса, демак бу ҳамкорликдан нимадир чиқишига ишониш мумкин.

Услуб

Юқорида «Рома»нинг А Серия етакчиларидан бири экани Шомуродовга «Женоа»дан кўра кўпроқ имкониятлар тақдим этишини айтиб ўтдик. Буни рақамлар орқали ҳам қараб чиқиш мумкин.

Масалан, агар майдонни учта тенг қисмга бўлсак, 2020/21 йилги мавсумда «Рома» умумий вақтнинг 29 фоизини ҳужумда ўтказган. Римликлар бу борада А Серияда фақат «Наполи» ва «Аталанта»дан ортда қолади, холос. «Женоа» эса бу борада атиги 24 фоизлик кўрсаткич қайд этган – Лигада фақат «Кротоне»дан яхшироқ, холос.

Элдор Шомуродовнинг асосий устунликларидан бири бош билан ўйнаш экани сир эмас. «Женоа» жарима майдонига юқорилатиб тўп оширишлар (кросс) бўйича А Серияда 19-ўринда эди. Табиийки, бу услуб Элдорга бор салоҳиятидан фойдаланиш имкониятини бермаган. «Рома» бу борада 10-ўринда, аммо 90 дақиқа давомида бош билан дарвозага бериш бўйича 2.2 кўрсаткич билан чемпионат етакчиларидан биридир. «Женоа» ўртача 1.2 зарба билан яна охирги ўринда. Стандартлардан «Рома» ўтган мавсумда 10та гол урган бўлса, «Женоа»да бу рақам атиги 3тага тенг.

Умуман, «Рома» ҳимоядан ҳужумга ўтиш тезкорлиги (4-ўрин), қанотлардан фойдаланиш (6-ўрин), бош билан ўйнаш ва стандартлар бўйича ҳам, Шомуродовнинг салоҳиятини очишда айни муддао бўлиши мумкин. Жозе Моуриньо ҳам деярли шунга яқин услубни танлаши ва Шомуродов унинг даврида трансфер қилинаётганига яна бир бор урғу берсак, вазиятга оптимал боқиш учун асослар етарлидек туюлади.

Хулоса

Фақат яхши томонлари ҳақида фикр юритилаётгани балки эриш туюлар, аммо ҳар қандай трансфер ҳам янги оила қуриш жараёнига ўхшайди – ҳамма яхши ниятда, ҳаммаси умид ва орзулар билан бошланади. Юқорида «Рома»нинг Элдорга қай тариқа мос келиши мумкинлиги ҳақида ёздик, аслида яна бир муҳим факторни, ҳужумчимизнинг мана шундай чақириқларга қай даражада тайёр бўла олишини ҳам унутмаслик керак.

У «Ростов»га борди, узоқ вақт ишонч билдирилмаганига қарамай, шуғулланишда давом этди. Қачонки, клуб унга муҳтож бўлганида, имкониятдан фойдаланди, РПЛ юлдузига айлана олди. Терма жамоада Купер уни БААга асосий ҳужумчи сифатида олиб кетмаганди. Ўйин қовушмай турганида, Уммонга қарши ўйинда захирадан майдонга тушиб, барчасини исботлади. То бугунгача миллий жамоамизнинг етакчи ҳужумчиси бўлиб келмоқда.

«Женоа» яхши пулга сотиб олганига қарамасдан, мураббий кўпроқ бошқа ҳужумчиларга эътибор қаратаверди. Элдорни бу синдирмади, Европадаги илк ойлари бўлишига қарамасдан, вазиятга европача қаради, ўз пайтини пойлади. Имконият берилганда, голлари билан аслида қандай ҳужумчи эканини энди нафақат Генуя, балки Римга ҳам кўрсата олди.

Бундай футболчилар Жозега доим ёқиб келган.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид