Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Португалияга қарши ўйиндан олдинги матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. У ижобий натижа учун барча футболчилар биргаликда тер тўкиши лозимлигини таъкидлаган.
«Рақибимиз жаҳон чемпионатидаги энг кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Агар Португалия жамоасини таҳлил қилиб кўрсангиз, уларнинг қанотларда жуда кучли футболчилари бор, дунёнинг энг яхши яримҳимоя чизиқларидан бирига эга, шунингдек футбол тарихидаги энг яхши футболчиларидан бири ҳам шу жамоада ўйнайди.
Шундай экан, бу осон ўйин бўлмайди. Лекин биз жаҳон чемпионатидамиз, жамоа сифатида ҳаракат ва меҳнат қилишимиз зарур. Чунки ижобий натижа билан майдонни тарк этишнинг ягона йўли шу», – дея Каннаваронинг сўзларини келтирмоқда ЎФА матбуот хизмати.
Мураббий футболчилар номдор рақибдан қўрқмаслигини таъкидлаган.
«Биз Португалиянинг футбол фалсафасини ўрганишга ҳаракат қилдик. Улар доимо тўп назорати орқали ўйинни бошқаришни ёқтиради. Шунингдек, учрашувни жуда фаол бошлашга интилишларини ҳам биламиз. Чунки имкон қадар тезроқ ўйинни ўз фойдасига буришни, ҳимояни ёриб ўтишни исташади.
Шундан келиб чиқиб биз ҳам бунга тайёргарлик кўрдик, деб ўйлайман. Ўз режамиз ва стратегиямиз бор ва майдонда айнан ўз ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Футбол шундай ўйин. Биз жуда кучли жамоага қарши майдонга тушаётганимизни биламиз, аммо аввал ҳам айтганимдек, биз бундан қўрқмаймиз.
Қўлимиздан келган энг яхши ўйинни кўрсатишга ва учрашув охиригача курашишга ҳаракат қиламиз», – дейди италиялик мутахассис.

У рақиб жамоа сардори Криштиану Роналдуга тўхталиб, уни жарима майдонида эътиборсиз қолдириб бўлмаслигини таъкидлаган.
«Юқорида ҳам айтганимдек, биз фақат Криштиануга қарши ўйнамаймиз. У футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бири, бироқ Португалия фақат Роналдудан иборат эмас. Уларнинг асосий таркибида ҳам, захирасида ҳам жуда кўп юқори савияли футболчилар бор.
Шунга қарамай, жарима майдонида Роналдуни бир лаҳзага ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди. У стандарт вазиятларда ҳам, ўйин давомида ҳам исталган пайт гол уришга қодир. Шу боис, бутун ўйин давомида максимал даражада диққатли бўлишимиз керак», – дейди жамоа бош мураббийи.











