Ўзбекистон | 11:07 / 30.07.2021
2102
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда жиноий ишда айбланаётган банк мутасаддисига енгил жазо чиқартириб беришини айтиб, 11 200 доллар олган адвокат ушланди

Жиззах вилояти Дўстлик туманида жиноят содир этганликда айбланаётган банк мутасаддисига енгил жазо чиқартириб беришини айтиб, ундан 11 200 доллар олган адвокат ушланган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда ДХХ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида «Микрокредитбанк» АТБ Жиззах вилояти Дўстлик тумани филиали мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида айбланаётган фуқаро Ш.М.нинг адвокати Н.П. мижозидан унга Дўстлик туман судидаги танишлари орқали енгил жазо турини қўллашни ваъда қилиб, 11 200 АҚШ доллари олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинган.

Олиб борилган суриштирувлар давомида адвокат Н.П. фуқаро Ш.М.дан жами 11 200 доллар олиб, шундан 1 200 долларни суд ва тиббий экспертиза вилоят бўлинмаси ходимига, 10 000 долларни туман судидаги танишларига беришни режалаштирганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, ўтказилган тезкор тадбир давомида тўпланган материаллар асосида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан Н.П. ва унинг жиноий шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 168, 25, 211 ва 210-моддалари билан жиноий иш қўзғатилган.

Тергов жараёнида адвокат Н.П.га Жиноят кодексининг 28, 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан айб эълон қилинган бўлиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Таъкидланишича, жиноят ишининг Н.П.нинг жиноий шерикларига тегишли қисми алоҳида ажратиб олиниб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда. Ҳозирда мазкур жиноят иши суд томонидан мазмунан кўриб чиқилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид