Иқтисодиёт | 20:19 / 30.07.2021
21344
3 дақиқада ўқилади

Қўйлиқ ва Чорсу деҳқон бозорларидаги улгуржи нархлар интернетда эълон қилиб борилади

Иқтисодиёт вазирлиги Қўйлиқ бозоридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва Чорсу бозоридаги гўшт маҳсулотларининг улгуржи нархларини ҳар куни эълон қилиб боришни йўлга қўйди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Қўйлиқ деҳқон бозоридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва Чорсу бозоридаги гўшт маҳсулотларининг улгуржи нархларини эълон қилиб бориш амалиётини йўлга қўйди.

Вазирлик бошқарма бошлиғи Акром Мўминов Kun.uz'га берган интервьюсида мазкур жараённинг муҳим жиҳатларига тўхталди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“Ички бозорда ўтган йили нархи арзон бўлган маҳсулот бу йил қиммат бўлаётгани ёки қиммати ўта арзонлиги кўп кузатилмоқда. Ўрганишлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларда етарли маълумотлар базаси мавжуд эмаслиги ушбу муаммонинг бош омили экани аниқланди.

Мазкур масалага ечим топиш мақсадида, фермерлар ва деҳқон хўжаликларига айни пайтда республикамиз ички бозорида шаклланаётган нархлар тўғрисида маълумот бериш тизимини йўлга қўйдик”, – дейди вазирлик вакили.

Маълум қилинишича, ушбу амалиёт бозордаги улгуржи нархлар балансини меъёрга келтириш ва бошқа бир неча ўринларда яхши самара беради.

“Мазкур амалиёт натижасида фермер ёки деҳқон хўжалиги даланинг ўзида турган, ўз маҳсулотини сотиш бўйича шартнома тузаётган пайтда қўлида ҳозирги нархлар бўлади.

Шунингдек, доимий равишда нархни кузатиб боргач, муайян маълумотлар базасига эга бўламиз. Бу нархлар тартиби доимий равишда базада сақланади. Қачонки, фермер ёки деҳқон хўжалиги хоҳласа, ўша даврдаги нархни кўриш имкониятига эга бўлади.

Қолаверса, мазкур жараён республикада озиқ-овқат ва нархлар барқарорлигини таъминлаш имконини беради”, – дейди Акром Мўминов.

Унинг айтишича, жараён давомида нархлар ҳар куни эълон қилиб борилади. Ҳафтанинг жума куни эса нархлар динамикаси бўйича таҳлилий материаллар чоп этилади.

Қайд этилишича, Қўйлиқ деҳқон бозоридаги 27 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, мева, сабзавот, полиз ва дуккакли маҳсулотларнинг улгуржи нархлари ўрганилади ва эълон қилиб борилади.

Чорсу деҳқон бозори бўйича эса қўй ва мол гўштларининг улгуржи нархлари маълум қилинади. Бу маълумотлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва чорвачилик соҳаси вакиллари учун сигнал вазифасини бажариб беради.

Қўйлиқ улгуржи бозорида 27 турдаги мева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари нархлари бўйича маълумотлар эрталаб соат 5:00 дан 7:00 га қадар; Чорсу бозорида мол ва қўй гўшти нархлари бўйича маълумотлар эрталаб соат 5:00 ва 8:00 оралиғида йиғилади.

Қуйида 30 июл кунги нархлар келтириб ўтилади.

Мавзуга оид

Эълонлар