Спорт | 00:26 / 01.08.2021
13674
2 дақиқада ўқилади

Шомуродов Римда. У 1 август куни Португалияда йиғин ўтказаётган янги жамоасига бориб қўшилади

Ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов тез орада «Рома» футболчисига айланади.

Football Italia хабарига кўра, ўзбекистонлик футболчи Герман Ткаченко бошчилигидаги агентлари ҳамроҳлигида Римга учиб борган. Шомуродов 31 июль куни «Рома» қароргоҳида тиббий кўрикдан ўтиб, 1 август куни янги жамоасининг мавсумолди йиғинига қўшилиш учун Португалияга жўнайди.

Аввалроқ римликлар клуби ўзбекистонлик ҳужумчини кейинчалик сотиб олиш шарти билан бир йиллик ижарага олиши, Шомуродов учун Генуя клубига тўланадиган бир йиллик ижара ҳақи 2,5 миллион еврони ташкил этиши ва трансфер қиймати бонуслар ҳисобига 20 миллион еврогача етиши ҳақида хабар берилганди.

Corriere dello Sport хабарига кўра, футболчини сотиб олиш шарти у римликлар жамоасида маълум миқдордаги ўйинда майдонга тушсагина амал қилади. Футболчини сотса «Женоа» кейинроқ унинг қайта сотилишидан 10 фоизлик улушга эга бўлади.

2017 йилда «Бунёдкор»дан «Ростов»га йўл олган ҳужумчи 2019/2020 йиллар мавсумида Россия чемпионатида ёрқин ўйин намойиш этди ва 2020/21 йилги мавсум бошида «Ростов»дан 7,5 миллион евро эвазига «Женоа»га ўтганди. Якунланган мавсумда ушбу форвард А Серияда 31та ўйинда майдонга тушиб, 8 гол уришга муваффақ бўлди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид