Сирдарёда ЙПХ ходимига тан жароҳати етказган ҳайдовчи қамоққа олинди
Сирдарё вилояти Сирдарё туманида машинасининг олд ён ойналарини ноқонуний қорайтирган ва бунга чора кўрмоқчи бўлган ЙПХ ходимини ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказган ҳайдовчи қамоққа олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.
Жорий йил 30 июль куни ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятида ЙПХ ходими ҳаракатланиш бир томонлама бўлган йўлда шахсий машинаси билан қоидаларга зид равишда қарама-қарши ҳаракатлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ мазкур ҳодиса юзасидан муносабат билдирди. Маълум бўлишича, ЙПХ ходими бироз аввал қочиб кетган қоидабузар ҳайдовчини кўриб қолиб йўлда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган. Вазиятдан фойдаланган ҳайдовчи эса воқеани ўзича талқин қилиб, ижтимоий тармоқларда видео чиқарган.
Муносабатда маълум қилинишича, жорий йил 30 июль куни соат 11:00ларда М34 Тошкент-Душанбе халқаро автомобиль йўлининг Сирдарё туманидан ўтувчи 81-километрида хизмат олиб бораётган Сирдарё тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари олд ва орқа ён ойналари қорайтирилган «Ласетти» машинасини тўхтатишган. Текширув давомида ҳайдовчи фақат орқа ён ойналарни қорайтириш учун рухсатнома олгани, олд ён ойналар ноқонуний тарзда қорайтирилгани аниқланган.
ЙПХ ходими маъмурий баённома тузиб, машинани вақтинчалик жарима майдончасига жойламоқчи бўлганида ҳайдовчи ходимни ҳақорат қилган. Сўнг унинг устига машинасини ҳайдаб, ходимга тан жароҳати етказган ва буйруққа бўйсунмасдан ҳодиса жойидан кетиб қолган.
ЙПХ ходими ҳайдовчининг бўйсунмасдан кетиб қолгани юзасидан Сирдарё тумани ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилиш мақсадида бўлимга кетаётганда қоидабузар ҳайдовчини Сирдарё тумани Зиёкор маҳалласи ҳудудидан ўтган йўлда машинасининг олд ён ойналаридаги плёнкаларни юлаётган ҳолатда кўриб қолган.
Шундан сўнг у ҳайдовчи олдига қайтиб келиш учун қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган. Шу пайт ҳайдовчи ЙПХ ходимининг йўлини тўсиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Бундан ташқари, у ЙПХ ходимининг кўкрак нишони ва бодикамерасини юлиб, далага улоқтирган.
Ҳодиса юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ҳамда Сирдарё туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилган. ЙПХ ходимининг боди камерасига ёзиб олинган лавҳалар текшириб кўрилгач, ҳолат ойдинлашган. Суриштирув натижасига кўра, Сирдарё тумани прокуратураси томонидан ҳайдовчига нисбатан Жиноят Кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) тартибида жиноий иш қўзғатилган. Қоидабузар Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Мавзуга оид
13:10 / 06.10.2024
Антикоррупция агентлиги: Сирдарё вилоятида 5 нафар ҳоким коррупциявий жиноят содир этган
13:20 / 29.09.2024
Сирдарёда Гулистон Сув иншоотлари бошқармаси ер кадастри бўлим бошлиғи ушланди
19:22 / 21.09.2024
Тадбиркорларни қуёш панели олишга мажбурлаган Сирдарё ҲЭТК: “Президент қарори нотўғри талқин қилинган”
08:58 / 21.09.2024