Ўзбекистон | 08:03 / 02.08.2021
15247
2 дақиқада ўқилади

Тошкент кўчаларида қоидабузарликни аниқловчи янги қурилма синовдан ўтказилмоқда

Тошкент шаҳри кўчаларида қоидабузарликни аниқловчи янги қурилма синовдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар берди.

ЙПХ ходимларига бириктирилган хизмат машиналарининг том қисмига махсус қурилма ўрнатилмоқда. Қурилманинг олд ва орқа томонида ҳамда ён томонларида кузатув камералари бўлиб, транспорт воситаси тўхтаб турган вақтда ҳам, ҳаракат вақтида ҳам 360 даража радиусда ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликларни аниқлайди.

Махсус транспорт воситаси тўхтаб турганида ва ҳаракат вақтида ўзи билан бир йўналишда ва қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхташ ва тўхтаб туриш, ҳаракатланиш тезлигини меъёридан ошириш, светофорнинг тақиқловчи чироғига амал қилмаслик, тақиқловчи чироқда тўхтаб турган вақтида тўхташ чизиғини босиш қоидабузарликлари ва давлат рақами белгиси орқали автомобилнинг қидирувда экани ёки йўқлигини аниқлайди.

Қурилма қоидабузарликларни онлайн қайд этади ва ҳуқуқбузарнинг яшаш манзилига жарима қўллаш тўғрисида қарор юборади. Ушбу қурилма Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилмоқда. Синов якунланганидан сўнг республиканинг барча ҳудудларида амалиётда қўллаш режалаштирилган.

Аввалроқ, Тошкент кўчаларида қоидабузарликни аниқловчи янги мослама синовдан ўтказилаётгани хабар берилганди.

Мавзуга оид