08:11 / 02.08.2021
10430

Зойир Мирзаев ўз хонасини халқ қабулхонасига айлантирмоқчи

Жорий йилнинг 23 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор ўтказилганди. Йиғилишда вилоят ҳокимлари ҳар куни аҳоли билан учрашиб, узоқ ҳудудлардаги фуқаролар билан ZOOM платформаси орқали жонли мулоқот ўтказиб, уларнинг муаммоларига қулоқ солиши айтилганди.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг Яккабоғ ва Касби туманларида ўтказган сайёр қабулларида барча туман (шаҳар)ларда яшовчи фуқаролар ZOOM орқали боғланиш имкониятига эга бўлди. Онлайн тарзда ўтказилган қабулларда тушган мурожаатларга кўра, “Саховат ва кўмак” жамғармаси вилоят бўлимидан муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган оилаларга Халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессияси қарори билан 1 млрд 153 млн 300 минг сўм маблағ ажратилди.

“Энди доимий тарзда фуқаролар мурожаатларини янги форматда эшитиб борамиз, – деди Зойир Мирзаев. – Биринчи навбатда Президент Халқ қабулхонаси ва виртуал қабулхоналарга қилинган мурожаатларни ҳал қилиш чоралари кўрилади. Шунингдек, аҳолимизнинг ижтимоий тармоқлардаги "мурожаат боти"мизга йўллаган мурожаатлари ижроси ҳам ҳар кунлик мониторинг қилиб борилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Ҳар бир ҳокимнинг кабинети “халқ қабулхонаси” бўлади. Мурожаатларни кўриб, нималарга эътибор қилиш бўйича ҳар бир раҳбарнинг стратегияси бўлиши керак”, деди Мирзаев.

Бир ҳафта ичида вилоят ҳокими 500 нафардан ортиқ фуқароларнинг мурожаатларини тинглаган бўлса, уларнинг ҳолати, муҳтожлиги ва имкониятлари ҳудудлардан сайланган депутатлар томонидан ўрганиб чиқилди. Муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган оилалар учун ажратмаблағлар мақсадли сарфланиши ҳам назорат қилинадиган бўлди.

Жумладан, ушбу маблағларнинг 257,5 млн сўми даволаниш ва операцияга муҳтож бўлган 41 нафар фуқарога, 214,5 млн сўми яшаш шароити оғир, уй-жойини таъмирлашга муҳтож 31 нафар фуқарога, 141,5 млн сўми тадбиркорлигини ривожлантириш ва турмуш шароитини яхшилашга муҳтож бўлган 31 нафар фуқарога ва 165,3 млн сўми ОТМда таҳсил олаётган фарзандларининг шартномаларини тўлашга муҳтож бўлган 20 нафар ота-оналарга йўналтириладиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Яккабоғда икки йил олдинги “снос” бўйича қарзларнинг бир қисми қайтарилганди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Ⓣ

Top