Иқтисодиёт | 21:40 / 03.08.2021
18814
6 дақиқада ўқилади

Йилнинг 1-ярмидаги иқтисодий натижалар таҳлил қилинди

Чорвачилик ва паррандачилик йўналишидаги ишлар қониқарли эмаслиги айтилди. Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ошмаяпти.

Фото: Президент матбуот хизмати

3 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг биринчи ярмидаги иқтисодий натижалар таҳлили ҳамда йил якунига қадар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, биринчи ярим йилликда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 6,2 фоизга ўсган. Бунга, асосан, саноат 8,5 фоиз, инвестициялар 5,9 фоиз ва хизматлар ҳажми 8 фоизга ошгани ҳисобига эришилган. Инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этган.

Шу даврда жами 200 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу соҳадаги юқори ўсиш суръатлари кон-металлургия, тўқимачилик ва электр энергияси тармоқларида, Қашқадарё, Сирдарё, Жиззах, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида кузатилган.

Бунга, аввало, иқтисодиётнинг бир маромда ишлаши ҳамда ташқи бозорларда конъюнктуранинг яхшиланиши эвазига эришилган. Иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда давлат ресурслари ҳам ҳал қилувчи омил бўлмоқда.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш учун зарур молиявий ресурслар ажратилган бўлса-да, ҳали жойларда кутилган натижа бўлмаётганини таъкидлади.

Саноат

Ҳудудий саноат ҳажми Сирдарё вилоятида 41 фоиз, Хоразмда 33 фоиз, Наманган ва Сурхондарёда 24 фоиз ўсган. Бироқ бу кўрсаткич катта имкониятларга эга Фарғона вилоятида атиги 1,2 фоиз ва Тошкент вилоятида 4,6 фоизни ташкил этган.

Умуман, биринчи ярим йилликда 110 та ҳудудий саноат корхонасида ўтган йилга нисбатан 2,2 триллион сўмлик маҳсулотлар кам ишлаб чиқарилган.

Инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида биринчи ярим йилликда 5 246 та лойиҳа амалга оширилган. Лекин уларнинг саноат ўсишида ўрни сезилмаётгани, бунга масъул ҳоким ўринбосарлари корхоналар билан яқиндан иш олиб бормаётгани қайд этилди.

Ҳисобот даврида мамлакатда жами 53 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 14 фоиз ошган.

Йиғилишда 9 ой ва йил якуни бўйича иқтисодий ўсишни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Иккинчи ярим йилликда йирик тармоқ корхоналарида 86 триллион сўмлик, ҳудудларда 142 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши бунда муҳим омил бўлади.

Масалан, шу даврда тўқимачиликда 15 триллион сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрлаш ва 1 миллиард 700 миллион долларлик экспорт қилиш имконияти бор. Ёки электр техникаси тармоғида экспортни 348 миллион доллар, чарм саноатида 251 миллион долларга етказиш мумкин.

Шунингдек, ҳудудларда “драйвер” бўлган соҳаларни ривожлантириш, кичик ва ўрта корхоналарда ишлаб чиқаришни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Бош вазир ўринбосарларига ишга туширилган лойиҳаларни жойига чиққан ҳолда, батафсил ўрганиб, тўлиқ қувватда ишлашига кўмаклашиш бўйича топшириқ берилди.

Қишлоқ хўжалиги

Қайд этилишича, охирги беш йилда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича президентнинг 30 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Хусусан, қўшимча ер майдонлари фойдаланишга киритилди; соҳа учун субсидиялар ажратилди; қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида кластер тизими жорий қилиниб, уларга жорий йилнинг ўзида 6 триллион сўмдан зиёд кредитлар берилди.

Лекин бу соҳада натижадорлик кутилгандек эмаслиги, ишга солинмаган имкониятлар кўплиги кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш ҳажми Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятларида ўтган йилги даражада сақланиб қолган. Деҳқончилик йўналишида маҳсулот етиштириш камайган.

Чунки ҳосилдорлик ўзгармаяпти, айрим маҳсулот турлари бўйича эса пасайиб кетмоқда. Чорвачилик ва паррандачилик йўналишидаги ишлар ҳам қониқарли эмаслиги қайд этилди.

Давлат раҳбари аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига талаби ошиб бораётгани, ишлаб чиқариш ҳажми ўсаётган талабни қондириши зарурлигини таъкидлади.

Иккинчи чоракда маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Хизматлар

Шу йил 11 май куни “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинган эди. Ҳудудларда хизматлар турини кенгайтириш ва сифатини оширишга қаратилган лойиҳаларга кенг йўл очилди.

“Давлат томонидан имконият яратиб берилди. Одамларимиз ҳам ҳаракатчан, меҳнатсевар. Энди хизматлар соҳасида кескин ўзгариш қилиш керак. Бу янги иш ўринлари ташкил этишнинг энг арзон йўли. Қишлоқларда хизматлар қанча кўпайса, сифат ҳам ошади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Хизматлар соҳасини ривожлантириш учун биринчи босқичда 7 та тижорат банкига 1 триллион 575 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бунинг ҳисобидан ҳудудларда 2 400 та лойиҳани амалга ошириш бошланди.

Натижада 2020 йилнинг биринчи ярмига нисбатан хизматлар кўрсатиш ҳажми 18 фоиздан кўпроқ ошди. Айниқса, Сирдарё, Андижон, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида бу борадаги кўрсаткич юқори бўлди.

Йиғилишда бу борадаги ишларни давом эттириб, йил якунига қадар соҳада 415 мингта янги иш ўрни ташкил этиш мумкинлиги айтилди. Бўш турган бино ва ер майдонларини тадбиркорларга бериш, ўзини ўзи банд қилишни қўллаб-қувватлаш бу борада катта имконият экани қайд этилди.

Транспорт вазирлигига янги йўналишлар ташкил этиб, жамоат транспорти етиб бормаган 1 113 та маҳаллани қамраб олиш бўйича кўрсатма берилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасида бош вазир ва унинг ўринбосарлари, иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ҳисобот берди.

Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича 9 ой ҳамда йил якунига мўлжалланган аниқ режалар ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаш вазифаси қўйилди. 

Мавзуга оид