Ўзбекистон | 20:52 / 04.08.2021
6545
2 дақиқада ўқилади

Коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи дастурий таъминот ишга туширилди

Маълумот берилишича, eanticor.uz сайти тест режимида ишга туширилган бўлиб, унда коррупция ҳолатлари ҳақидаги мурожаатларни юбориш мумкин.

Фото: Getty Images

Коррупция ҳолатлари ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлигини хабардор қилиш имконини берувчи махсус дастурий таъминот ишлаб чиқилди. Бу ҳақда агентлик сайтида хабар берилмоқда.

Хабарда айтилишича, eanticor.uz сайти тест режимида ишга туширилган бўлиб, унда коррупция ҳолатлари ҳақидаги мурожаатларни тўртта шаклда, яъни “Коррупцияга дуч келдим ва пора беришга мажбур бўлдим”, “Коррупцияга дуч келдим ва пора бермадим”, “Пора билан боғлиқ бўлмаган коррупцияга дуч келдим” ва “Ҳалол ишлайдиган давлат хизматчисини учратдим” каби мавзуларда юбориш мумкин.

“Коррупцияга қарши курашиш агентлиги eanticor.uz орқали берилаётган коррупция ҳолатлари ҳақидаги мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш билан бир қаторда берилган мурожаатлар асосида соҳалардаги коррупцион ҳолатларни таҳлил қилади ва ўтказиладиган таҳлил натижаларига кўра коррупцияга имкон яратаётган омилларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Жумладан, коррупцияга йўл очиб бераётган нормаларни ўзгартириш, бекор қилиш ёки қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади ва уларни амалга ошириш чоралари кўрилади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, eanticor.uz орқали фуқароларнинг коррупцияга оид мурожаатлари асосида вазирлик, идоралар, вилоят ва туманларнинг статистик рейтингини кузатиб бориш имконияти яратилгани айтилмоқда. 

Бунда, тегишли идоралар мутасаддилари рейтингдан тегишли хулосаларни чиқарган ҳолда коррупцияга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш чораларини кўриши мақсадга мувофиқ бўлади.

Мавзуга оид