Жаҳон | 08:46 / 04.08.2021
5539
2 дақиқада ўқилади

Нигериялик айирмачилар АҚШ давлат котиби ва мудофаа вазирини судга беришди

Нигериянинг “Биафра туб халқлари” (IPOB) айирмачилик ташкилоти Вашингтон судига АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Ллойд Остин устидан шикоят қилди. Ташкилот суддан Нигерия ҳарбий-ҳаво кучларига 6 та A-29 Super Tucano самолёти берилишини тўхтатишни ва яқинда етказиб берилган шундай самолётдан 6 тасини қайтартиришни талаб қилмоқда.

Аввалроқ Нигерия ҳукумати АҚШдан сотиб олинган енгил штурм самолётларини мамлакат шимолидаги айирмачилик ҳаракатига қарши қўллашни буюрган. IPOB’нинг АҚШ судида манфаатларини ҳимоялаётган адвокат Брюс Фейн ташкилот жанговар самолётлар ўлдириш ёки жароҳат етказиш учун қўлланиши мумкинлигидан хавотирланаётганини айтган.

IPOB ўзини тинч ҳаракат деб таърифлаб келади ва мақсади этник гуруҳни Нигерия ҳукумати томонидан ирқий таҳқирлашдан ҳимоялаш учун мустақил давлат ташкил этиш ҳисобланишини таъкидлайди.

Нигерия президенти Муҳаммаду Бухорий аксинча, ташкилотни давлат ходимларига нисбатан зўравонлик қилишда айблаб келади.

Нигерия бош штаби ва АҚШ давлат департаменти ушбу ҳолат юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.

Нигерия томонидан А-29 Super Tucano самолётларини сотиб олиш бўйича битим 2017 йилда Дональд Трамп маъмурияти томонидан маъқулланган. Даставвал, шартнома Барак Обама президентлиги вақтидаёқ имзоланган, бироқ Нигерия ҳарбий-ҳаво кучлари қочқинлар лагерига авиазарба бергандан кейин ижроси тўхтатиб қўйилган.

Мавзуга оид