00:00 / 04.08.2021
9018

Панама байроғи остида ҳаракатланган танкер БАА соҳиллари яқинида эгаллаб олинди

Панама байроғи остида ҳаракатланган Asphalt Princess танкери Уммон кўрфазида номаълум кишилар томонидан эгаллаб олинди. Бу ҳақда хавфсизлик идораларидаги манбаларга таяниб Sky News британ нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, БААнинг Хор-Факкан шаҳридан Уммондаги Суҳар портига йўл олаётган кема бортига 9 нафар қуролланган киши чиқиб, уни эгаллаб олган. The Times нашри манбаларига кўра, Британия махсус хизматлари ушбу ҳодисага “Эрон ҳарбийлари ёки уларнинг иттифоқдошлари алоқадор бўлиши мумкинлигини” тахмин қилмоқда.

Британия денгиз савдоси ташкилотининг (UKMTO) маълум қилишича, кемага ҳужум БААнинг Ал-Фужайра портидан 100 км узоқда Уммон кўрфазида содир этилган. 

Шу билан бирга, Sky News нашри ОАВда эгаллаб олинган кема Сингапур байроғи остида сузувчи Golden Brilliant танкери экани ҳақида пайдо бўлган ахборотни тасдиқламаган. Дастлабки маълумотларга кўра, Golden Brilliant ҳамда Queen Ematha, Jag Pooja ва Abyss танкерлари бошқарувни йўқотгани ҳақида маълум қилган.

Ўтган ҳафтада UKMTO Арабистон денгизида исроиллик миллиардер Эял Оферга тегишли Mercer Street танкерига ҳужум қилинганини маълум қилганди. Ўшанда дастлаб ҳужумни қароқчилар содир этгани тахмин қилинган. Бироқ кейинроқ кемага дрон ёрдамида ҳужум қилингани маълум қилинган. Ҳужум оқибатида кема экипажининг 2 аъзоси ҳалок бўлган.

Британия ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШ давлат департаментида танкерга ҳужум учун Эрон жавобгар экани айтилган. Теҳроннинг таъкидлашича, бу айбловлар сиёсий мотивлашган ҳисобланади.

Top