Ўзбекистон | 17:56 / 04.08.2021
16641
3 дақиқада ўқилади

«Қарашларимизни кескин ўзгартиришимиз керак» — Президентликка илк номзод сайловолди платформаси ва «яшил иқтисодиёт» ҳақида

Бугун, 4 август куни Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумида партиянинг Ўзбекистон президентлиги сайлови учун номзоди илгари сурилди.

Президент сайловида Экопартия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов номзод сифатида қатнашади.

Нарзулла Обломуродов пленум якунида ОАВ вакилларининг қатор саволларига жавоб берди.

— Бугун партия вакиллари сизнинг номзодингизни Ўзбекистон президентлиги учун илгари сурди. Ўзингизни президент сифатида тасаввур қиляпсизми?

— Бугун тарихий кун. Мамлакатдаги энг ёш сиёсий партиянинг Ўзбекистон президенти сайловларида иштирок этиши бўйича қарор қабул қилинди. Ўзбекистон сайлов қонунчилиги бўйича партия ушбу сайловларда иштирок этиш ва партиянинг юқори органи бўлган – партия съездига таклиф киритяпти. Якуний сўз эса съездда қабул қилинади. Бунгача бизнинг қонунчилик ва бошқа ташкилий масалаларда қиладиган ишларимиз бор.

Айнан съездда партиянинг муҳим қарорлари қабул қилинади.

— Бугун Ўзбекистонни чуқур экологик муаммолар қамраб олган. Аммо биз бу муаммоларни ечиш борасида партиянинг бирор ҳаракатини сезмаяпмиз. Сиз эса шу ҳолатда сайловга киряпсиз.

— Ўзбекистонда экология масалалари устувор аҳамият касб этиб боряпти. Шу маънода халқимизнинг ҳам бу борадаги фаоллиги ошиб боряпти.

Бугун бутун дунёда ҳам аҳолини ташвишга солаётган экологик муаммолар мавжуд. Шундай экан, бизда ҳам иқтисод «яшил тараққиёт» талаблари билан биргаликда олиб борилиши керак.

— Партиянинг сайловолди платформасида «яшил иқтисодиёт» асосий йўналишлардан бири сифатида белгилаб олинган. Сизнингча, «яшил иқтисодиёт» қандай бўлиши керак?

— Албатта, «яшил иқтисодиёт» сайлов олдидан бизнинг энг муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Бу кўплаб масалаларда бизнинг янгича фикрлашимиз билан боғлиқ. Бунда биз доимий анъаналардан воз кечиб, янги кадрлар тайёрлашимиз керак.

Табиий ресурслардан фойдаланиш борасидаги қарашларимизни ҳам кескин ўзгартиришимиз керак.

— Бугун Ўзбекистондаги қурилишларда «яшил иқтисодиёт» талабларига умуман риоя қилинаётгани йўқ. Хўш, «яшил иқтисодиёт»ни асосий мақсадимиз дея даъво қилаётган партия нега бу борада ўз талабларини амалга кирита олмаяпти?

— Бизнинг олдимизда мақсад, режалар кўп. Бу масалалар эса кенг жамоатчилик иштироки билан ечим топишига ишонамиз.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид