Бир неча йилдан буён Швейцарияда истиқомат қиламан. Аниқроғи, бу ерда Швейцариянинг нуфузли ETH Zürich Федерал технология институти биотехнология йўналиши магистратура босқичида ўқийман. Ушбу мақола орқали Швейцария мамлакатининг ўзига хосликлари ҳақида маълумот бермоқчиман.

Уйдан, ўсиб улғайган муҳитидан узоқлашган кўплаб инсонлар, айниқса, чет элга узоқроқ муддатга чиққанлар “сulture shock”, яъни маданият шокига учрайди.

Маданият шоки ўзи аслида нима? Бу тафаккур, урф-одат, яшаш тарзи ва шахслараро ўзаро муносабатлардаги чуқур маданий тафовутлардан келиб чиқадиган ҳолат. У кўпинча янги муҳит ва маданиятга мослашиш жараёнидаги ички кураш. Бу жараённи осонлаштиришнинг асосий йўли, албатта, борадиган манзил, миллат ва давлатни ўзига хос бўлган жиҳатларини олдиндан ўрганиб чиқиш.

Бугун энг кўп шоколад истеъмол қиладиган давлат - Швейцариянинг, ўзига хос яшаш тарзи, инфраструктураси ва бизга ноодатий бўлган оддий ҳаёт, маиший тажрибаларини расмлар орқали кўрсатиб чиқаман. Бу Швейцарияга қизиқадиган ва келажакда ўқиш ёки ишлаш учун келмоқчи бўлган ҳамюртларимизга фойдали бўлади деган умиддаман.

Швейцария Марказий Европада жойлашган бўлиб 4 та расмий давлат тилига эга: немис, француз, итальян ва ретороманча тиллар. Энг оммабоп тил немис тили, лекин у Швейцарияга хос шевада гапирилади. Шунинг учун германияликлар швейцарча лаҳжада немис тилида гапирган инсонларни кўпинча тушунишмайди. Мен ўқийдиган шаҳар ҳам немисча гапирадиган ҳудудга киради. Фотолавҳа ҳам немис тилида гапирадиган ҳудудга оид. Ҳар бир тилга оид бўлган ҳудуднинг ўзига ҳос жиҳатлари бор, бу ҳудудларда урф-одатлар, яшаш тарзи ҳам одамларни темпераменти ҳам ҳар хил.

Швейцарияга келганингизда биринчи бўлиб жамоат транспорти қанчалар ривожланганини кўрасиз. Бу ерда турли хил транспорт воситалари бир йўлда бирга юради: ҳам автомашина, ҳам автобус, ҳам трамвай, ҳам мотоцикл, ҳам велосипед, баъзи шаҳарларда троллейбус ҳам бор. Қайси транспорт воситаси кўпроқ «ҳурматга» эгалиги йўл қоидаларида белгиланган. Трамвай ва велосипедларни доим биринчи ўтказиб юбориш керак. Кўплаб кўчаларда светофор ўрнатилмаган, ҳаммаси йўл зебраси орқали бошқарилади, ҳайдовчилар бир-бирини жуда ҳурмат қилади.      

Шунингдек, Швейцарияда фуқароларга бўлган ишонч жуда кучли. Буни фуқаро ва давлат ўртасидаги кўплаб масалаларда кўрса бўлади. Масалан, давлат идораларида ёки шифохоналарда тўлов доим ҳам хизмат кўрсатилган вақтнинг ўзида олинмайди. Аксинча, ҳисоб-фактураси инсонни яшаш манзилига почта орқали юборилади. Ва уни тўлаш учун сизга 30 кун муҳлат берилади, тўловни онлайн ёки почта идораларида амалга ошириш мумкин.