Жаҳон | 08:47 / 17.11.2025
4786
4 дақиқада ўқилади

Axios: Швейцария божларни камайтириш учун Трампга совғалар юборган

Rolex соати ва махсус олтин қуймаси — айнан шу тарзда Швейцария АҚШ президенти Доналд Трампдан божларни пасайтиришга эришган, деб ёзади Axios.

Фото: Watches of Espionage

АҚШ президенти Доналд Трамп билан божхона божларини пасайтириш ҳақидаги муваффақиятсиз музокаралардан сўнг Швейцария ҳокимияти Оқ уйга саноат магнатларидан иборат делегацияни, улар орқали Америка етакчисига совғалар юборишга қарор қилди. Бундан кўп ўтмай, Вашингтон ушбу масалада Швейцария томони билан учрашишга рози бўлди, деб хабар берди 14 ноябр куни Axios нашри.

ОАВ Швейцария бизнесменлари делегациясининг Оқ уйга ташрифини эслатди, у ҳақда 4 ноябрда хабар берилган эди. Делегация таркибига, бошқалар қаторида, қимматбаҳо металлар савдоси билан шуғулланувчи Швейцария трейдери MKS PAMP SA раҳбари Марван Шакарчи, люкс тоифадаги соатлар ишлаб чиқарувчи Rolex компанияси раҳбари Жан-Фредерик Дюфур ҳамда қимматбаҳо буюмлар ишлаб чиқарувчи Richemont компанияси кузатув кенгаши раисининг раиси Йоханн Руперт кирган.

Маълумки, бизнесменлар АҚШ президентига совғалар олиб келган: MKS PAMP SA бошлиғидан Трамп номига қиймати 130 минг доллардан бироз ошиқроқ бўлган олтин қуймаси берилган, Дюфур эса Америка етакчисига стол устига қўйиладиган олтин соат совға қилган. Axios манбасининг таъкидлашича, айни шу — олтин — Трамп учун афзал кўриладиган совға сифатида тилга олинган, Rolex раҳбари аввалига ноёб титан корпусли соат олиб келмоқчи бўлган, аммо уни бундан қайтаришган.

Axios’нинг қайд этишича, саноатчилар делегациясини юбориш ташаббуси Швейцария ҳокимияти томонидан кўтарилган, бунга сабаб мамлакат президенти Карин Келлер-Зуттер апрел ойида эълон қилинган божларни камайтириш масаласида Трамп билан келишувга эриша олмагани бўлган.

«Унинг ўзи хушмуомала аёл, лекин эшитишни истамади», — деб изоҳлаган эди АҚШ президенти Келлер-Зуттер билан июл ойи охиридаги музокаралар ҳақида. Орaдан кўп ўтмай, Вашингтон Швейцариядан импорт қилинаётган товарларга нисбатан божларни 39 фоиз даражасида белгилади.

Сўнгги вақтларда саноатчилар делегациясининг Вашингтонга ташрифидан кейин Оқ уй раҳбари ва Швейцария етакчиси ўртасида янги музокаралар бўлгани ҳақида хабар берилмаган. Бироқ 14 ноябр куни АҚШ ҳукумати Швейцария товарларига жорий этилган божлар миқдори 15 фоизга туширилганини эълон қилди. Эвазига Швейцария компаниялари АҚШ иқтисодиётига сармояларини оширишга рози бўлди, мамлакат Трамп аввалроқ норозилик билдирган савдо тўсиқларини қайта кўриб чиқди.

АҚШ Конституциясига кўра, ҳукумат аъзолари Конгресс рухсатисиз хорижий давлатлардан совғалар қaбул қила олмайди. Бироқ Оқ уйда соат ва олтин қуймасини президент кутубхонасига топшириладиган совғалар сифатида расмийлаштиришган — бу эса содир бўлган воқеани қонун доирасига киритади, деб ёзади Axios Трамп маъмурияти вакилларига таяниб.

АҚШ президенти аввалроқ ҳам бошқа давлатлар вакилларидан люкс тоифадаги буюмлар қaбул қилиши билан боғлиқ ҳолда ОАВ диққат марказига тушган. Масалан, май oйида Қатар қироллик оиласи Трампга президент борти сифатида фойдаланиш мўлжалланган Boeing 747-8 самолётини совға қилган эди.

Шу билан бирга, Трамп ҳозирча Қатар совғаси бўлган бу самолётдан фойдалана олмаяпти — у ҳали қайта жиҳозланиши керак. ОАВ маълумотларига кўра, бу АҚШ бюджети учун деярли янги самолёт харидига тенг бўлган харажатларга олиб келган, тахмин қилинишича, зарур ишлар учун 934 миллион доллар сўралган ва бу харажатлар жамоатчиликдан яширилган.

Август ойида эса Трамп АҚШдан ташқарида ишлаб чиқариладиган Apple маҳсулотларига бож жорий қилиш билан таҳдид қилганидан сўнг, компания бош директори Тим Кук сиёсатчига 24 каратли олтин асосга эга гравировка қилинган шиша диск совға қилди ва компания АҚШдаги ишлаб чиқаришга 100 миллиард доллар инвестиция киритишини билдирди.

Шунингдек, маълумки, Трамп октябр ойи охирида Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мёндан олтин тожни совға сифатида олган, шундан сўнг Жанубий Корея товарларига нисбатан божларни пасайтириш ҳақида баёнот берган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид