Ўзбекистон | 08:20 / 05.08.2021
3189
2 дақиқада ўқилади

Сув муаммолари илмий-тадқиқот марказининг вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув муаммолари илмий-тадқиқот маркази фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 25.11.2020 йилдаги 744-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув муаммолари илмий-тадқиқот маркази ташкил этилган.

2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагиларни амалга ошириш назарда тутилган:

  • ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларни сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек жорий харажатларини Ўзбекистон Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш;
  • илмий ва раҳбар ходимлар иш ҳақини фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техник дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошлари миқдорига ҳамда бошқарув, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларининг иш ҳақини Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтларининг бошқарув ва ёрдамчи ходимларининг базавий лавозим маоши миқдорига тенглаштириш;
  • илмий ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш.

Марказга маҳаллий иқтидорли мутахассислар ва кадрларни ўрганиб, уларни жалб этиш, Хоразм вилояти сув хўжалигини ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни режалаштириш, 2021–2026 йилларда илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни режалаштириш юклатилди. Шунингдек сув ресурсларни тежайдиган суғориш технологияларини амалиётга кенг жорий қилиш бўйича устувор илмий-тадқиқот ишларининг қисқа ва ўрта муддатли дастурларини ишлаб чиқиш топширилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид