Жаҳон | 21:57 / 06.08.2021
19489
2 дақиқада ўқилади

Беларусдаги II жаҳон уруши музейига фотосаёҳат

Хизмат сафари билан Беларус Республикасида бўлиб қайтган Kun.uz фотомухбири Минск шаҳридаги Улуғ ватан уруши давлат музейидан фоторепортаж тайёрлади.

Музей экспонатлари билан танишар экансиз, инсоният ўтган асрнинг ўзида иккита жаҳон урушидек қирғинбаротни бошидан кечиргани, бунга такрор йўл қўйиб бўлмаслигини, урушнинг даҳшатли ҳодисалигини беихтиёр хаёлдан ўтказасиз.

Иккинчи жаҳон урушида салкам 60 млн инсон ёстиғи қуриган. Уларнинг аксари 18-40 ёш орасидаги ёшлар бўлган. Аёллар, кексалар ва болалар ҳам борлиги, уруш ҳеч кимга қараб ўтирмаслигини кўрсатади.

Шу билан бирга, ачинарли жиҳати шундаки, ҳамон куррайи заминнинг турли нуқталарида ҳар хил кўринишларда инсонлар бир-бирларини ўлдирмоқда, уруш олови батамом сўнаётгани йўқ.

Музей экспонатлари билан танишар эканмиз, ўзбекистонлик Ғ. Тошниёзов суратига кўзимиз тушди. Изоҳда ёзилишича, ҳамюртимиз Минск области «Разгром» (Тор-мор) бригадаси, «Искра» (Учқун) отрядининг қўпорувчилик гуруҳи командири бўлиб, 1944 йил апрел ойида душман эшелонини портлатишда ҳалок бўлган.

Фотосуратларда ўша даврда қўлланилган қурол-аслаҳалар, ҳарбий техникалар намуналари, шунингдек бевосита уруш лаҳзаларини кўришингиз мумкин.

Суратлар муаллифи – Шерзод Эгамбердиев

Мавзуга оид