Ўзбекистон | 11:20 / 07.08.2021
29261
2 дақиқада ўқилади

ЎзЛиДеП президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини тавсия қилди

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам бу йилги президентлик сайловида ўз номзодини эълон қилди. 

Фото: Президент матбуот-хизмати

Партия 7 август куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари пленумида Шавкат Мирзиёевни номзод сифатида илгари сурди. Унинг номзоди ЎзЛиДеП қурултойида тасдиқланиши лозим бўлади. 

Шавкат Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган. 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. 

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлаган. 

1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланган. 1996–2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001–2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган. Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995–2003 йилларда Олий Мажлис депутати бўлган.

Бугун, шунингдек Халқ демократик партияси ҳам президентлик сайловларида ўз номзодини илгари сурди. Бундан аввал, «Миллий тикланиш», Экопартия ва «Адолат» партияси ҳам ўз раисларини президентлик сайловида номзод сифатида тавсия этганди.

Шундай қилиб, Ўзбекистондаги барча партиялар бу йилги президентлик сайловлари учун ўз номзодларини илгари суриб бўлди. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти сайлови кампаниясига 23 июль куни старт берилди. Сайловларда 5 та партия – «Адолат» СДП, «Миллий тикланиш» ДП, ЎзЛиДеП, ХДП ва Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга. 

Сайлов 24 октябрь куни бўлиб ўтади. 

Қонунчиликка кўра, партия юқори органи унинг номзодини маъқуллаши, республикадаги жами сайловчиларнинг камида 1 фоизи номзодни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши керак бўлади.

Мавзуга оид