Жамият | 20:39 / 10.08.2021
4008
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда мактаб директори ўқитувчиларни ҳақорат қилди. Ҳолатга вилоят ХТБ муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги 40-сонли умумтаълим мактаби директори ўқитувчиларга қўпол муомала қилгани, дарс вақтида синфларга кириб халал бериб юргани тасвирланган видео тарқалди. Шунингдек, директор ҳолатни видеога олган ўқитувчи аёлни ҳақорат қилгани ҳам тасвирланган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ХТБ муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган лавҳалар юзасидан Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси масъуллари иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганишлар давомида ижтимоий видеолавҳа ва фотолар жорий йилнинг февраль ойида тасвирга олингани маълум бўлган.

Қайд этилишича, тез фурсатларда вилоят ХТБ томонидан ўрганилаётган жараёнлар якуни ва унга оид тўпланган асослантирувчи манбаларга асосан мактаб директорининг хатти-ҳаракати юзасидан муносабат берилади.

P.S. Қашқадарё вилояти ХТБ ўз муносабатида ҳолат жорий йил февралда юз берганини билдирган. Аммо видеода уни тасвирга тушираётган аёл «Мактаб директори ҳозир рўза ойи бўлишига қарамасдан сўкиниб юрибди», деган. Эслатиб ўтамиз, Рамазон ойи жорий йил 12 апрелдан 12 майгача давом этган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид