19:33 / 10.08.2021
2851

Самарқанд вилоятидаги бир қатор муассасаларда бюджет маблағлари талон-торож қилингани ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилди

Аксилкоррупция агентлиги томонидан Самарқанд вилоятидаги бир қатор муассасаларда бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича жиноий иш қўзғатилган. Яна бир қатор ҳолатлар бўйича терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, агентлик томонидан Самарқанд вилоятидаги давлат муассасаларида бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва бюджет соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, тизимда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқараётган омиллар ўрганилган.

Ўрганиш давомида ҳудуддаги бюджет ташкилотлари томонидан ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловларни тўлаш ҳамда қурилиш учун ажратилган маблағларни сохта ҳужжатлар асосида талон-торож қилиш ҳолатлари мавжудлиги фош этилган.

Жумладан, Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали мансабдор шахслари 54 нафар ишчи-ходимга 175 миллион сўмлик туғуруққача ва туғуруқдан кейинги таътил, касаллик варақаси ва меҳнат таътили ҳамда устама пулларини асоссиз ҳисоблаш орқали давлат бюджетининг жуда кўп миқдордаги маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳар 3-сон туғуруқ мажмуаси томонидан ходимларга иш ҳақи сифатида 50 миллион сўм ва Нарпай туман ободонлаштириш бошқармасида жами 29 миллион сўм бюджет маблағлари қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда тасарруф этилгани аниқланган.

Қайд этилишича, агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида вилоятдаги бюджет муассасаларида жами 563 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Таъкидланишича, вилоят прокуратура идоралари томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда вилоятдаги бошқа муассасаларда аниқланган ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.

Top